25 декабрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Қозоғистон адабиёти ва маданияти марказининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ушбу марказ Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси М.Туякбоев, Қозоғистон Миллий академик кутубхонаси директор ўринбосари А.Кожабекова ва бошқалар Қозоғистон адабиёти ва маданияти маркази ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги ва қардошлигининг рамзи сифатида ташкил этилганини таъкидлади.

Азалдан ёнма-ён яшаган, қавму қариндош бўлган халқларимизнинг адабиёти ва маданияти ҳам бир дарёдан сув ичиб, ривожланган. Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида мамлакатларимиз адабий ва маданий муассасалари ҳамкорлигида кўплаб тадбирлар ўтказилди. Мамлакатимизда Қозоғистон адабиёти ва маданияти марказининг очилиши ушбу ҳамкорлик бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади.

Марказда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг фаолияти, унинг халқаро майдонда тутган ўрнига бағишланган китоблар, қозоқ адибларининг асарлари ўрин олган. Шубҳасиз, қозоқ халқининг маданий ҳаётини ёритувчи ушбу китоблар ўзбек китобхонлари ўртасида катта қизиқиш уйғотади.

Ҳозирги кунда 23 мамлакатда Қозоғистон адабиёти ва маданияти марказлари фаолият кўрсатади.

Тадбир давомида атоқли қозоқ шоири Абай Қўнонбоев ижодидан намуналар тингланди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Қозоғистон Миллий академик кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА