Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Лондондаги дунёга машҳур “O2 Arena” спорт мажмуасида катта профессионал бокс кечаси ташкил этилди.
Оқшомнинг асосий тўқнашувида оғир вазнли боксчилар – супер оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Дерек Чисора WBC Silver камари соҳиби Диллиан Уайтга қарши рингга чиқди.
Таъкидлаш керак, Дерек Чисора ва Диллиан Уайт учун бу тўқнашув ўзаро иккинчи жанг ҳисобланади. Улар ўртасида 2016 йилда ўтказилган жангда Уайт очколар ҳисобига кўра рақибидан устун келганди.
Мухлислар орзиқиб кутган жангнинг 11-раундида Уайт рақибини нокаутга учратди. Ушбу ғалаба туфайли британиялик боксчи WBC Silver камари ва WBO халқаро чемпионлик камарини ўз қўлида сақлаб қолди. Энди Уайт ушбу вазн тоифасида Энтони Жошуа эгалик қилаётган WBO, IBF ва WBA чемпионлик камарларига даъвогарлар қаторига қўшилди.
Отабек Эшмаматов, ЎзА