Боғистондаги янги уйлар энг намунали яшаш манзили бўлади

Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Боғистон кўчасида бунёд этилиши режалаштирилган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонига келди.
 
photo5253815987919235465.jpg
Бу ерда халқимиз турмуш шароитини янада яхшилаш йўлидаги ислоҳотларимизга ҳамоҳанг 9 қаватли 23 та уй қурилади. 1, 2, 3, 4 ва 5 хонали, 900 хонадондан иборат бу уйлар 2019 йилнинг 2-чорагида топширилиши режалаштирилган.
Сир эмас, мамлакатимизда халқимиз талаб ва истаклари инобатга олинган ҳолда ҳар томонлама қулай, имтиёзли нархларда арзон, сифатли уй-жойлар қурилиши деярли тўхтаб қолганди. Атиги уч-тўрт йил олдин пойтахтимизда, вилоятлар, туман ва шаҳар марказларида, олис қишлоқларда оддий аҳоли ҳам сотиб олишга қурби етадиган уйлар қурилишига, кам таъминланган оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга имтиёз асосида, ҳатто текин уйлар берилишига одамлар ишонмай қўйган эди.
Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунларданоқ ана шу ғоят оғриқли, ҳаётий долзарб муаммони ҳал қилишга бел боғлади.
Ўтган 25-26 йил давомида биринчи марта 2017 йилдан аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қурилиши бошланди. Шу йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Аҳолининг арзон уйларга талабини қондириш учун жорий йилда биргина қишлоқ жойларнинг ўзида 3 мингдан зиёд ёки ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп арзон намунали уй-жой қурилди. Бу жараён изчил давом этади.
Боғистонда қурилиши бошланган кўп қаватли уйлар ҳам эзгу мақсад билан бунёд этилмоқда. Бу уйлар миллий менталитетимизга хос замонавий қурилиш андозалари асосида қад ростлайди.
Бу турар жой бинолари зилзилабардошлиги, ногиронлар учун ҳам қўшимча қулайликларга эгалиги билан ажралиб туради. Кўп қаватли уйлар ҳовлисида болалар майдончалари, автотураргоҳ, савдо маркази ҳам бўлади. Кўкаламзорлаштириш ишларига эътибор қаратилади.
Янгилик жиҳати шундаки, қурилишда Туркиянинг энг илғор қурилиш технологиясдан фойдаланилаяпти. Шу асосда 1 та 9 қаватли уйни 5-6 ой ичида батамом битириш мумкин. Анъанавий қурилишда эса бунга 2 йилча вақт сарфланган. Уйлар сифатли бетон, арматура ва ғиштдан барпо этилмоқда. Ҳозирда уйларнинг пойдевори қуйилган.
Президентимиз янги уйлар пойтахтимиздаги энг намунали яшаш манзилларидан бирига айланиши кераклигини таъкидлади.
Шу ерда Тошкент шаҳрида коммунал тармоқларни ривожлантириш, каналларни мукаммал таъмирлаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича лойиҳалар намойиш этилди.
Президентимиз пойтахтимиздаги каналлар атрофини обод сақлаш, одамлар дам оладиган, болалар чўмиладиган сўлим ва хавфсиз ҳудудлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
photo5253815987919235464.jpg
photo5253815987919235466.jpg
photo5253815987919235467.jpg

 

Улуғбек Асроров, ЎзА​​