Ҳиндистон ОАВ БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси ҳақида

Ҳиндистоннинг онлайн-нашри ўз саҳифаларида БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик“ бўйича қабул қилинган резолюциясига оид материалларни эълон қилди. 

Масалан, Ҳиндистоннинг “India Blooms” интернет портали “БМТ мамлакатлари Ўзбекистон Президентининг маърифат ва диний бағрикенглик бўйича таклифини якдиллик билан қўллаб-қувватлади“ номли мақолада мазкур ташаббус илк бор Ўзбекистон раҳбари томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинганини баён этади.

Нашр Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ушбу резолюциянинг асосий мақсади барчанинг таълимдан фойдаланишини таъминлаш, саводсизлик ва билимсизликка барҳам бериш эканини қайд этади. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, диндор (эътиқодли кишилар)нинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка“ қаратилган.

Мақолада яна мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан ортиқ мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани, бу эса долзарб ва ўз вақтида таклиф этилган Ўзбекистон ташаббусининг халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилганидан далолатдир, деб баён этилади.

“Diplomacy India”, “Diplomacy Today” ва “Sarkaritel” онлайн-нашрлари ҳам мазкур мавзуга оид материалларни чоп этди. Уларда ушбу ҳужжатнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда дин ва эътиқодлар хилма-хиллигини ҳимоя қилиш асосида бағрикенглик ва тинчликни барча даражада рағбатлантириш мақсадида глобал мулоқотга кўмаклашиш бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини янада фаоллаштиришдаги аҳамияти алоҳида қайд этилади.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги 
 
элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланди.

 

ЎзА