Президент Қашқадарёга келди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 13 декабрь куни Қашқадарё вилоятига келди.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 28-30 январ кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди. Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида вилоятда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга туширишни кўзда тутувчи кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.
Таҳлилларга кўра, вилоятда жорий йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 15 триллион 341 миллиард сўмни ташкил этди ва 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 103 фоизга ўсиши таъминланди.
Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 54, хизматларнинг улуши 33,5 фоизни ташкил этди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,3, капитал қўйилмалар ҳажми 40,5, пудрат ишлари 2,3, бозор хизматлари 7,2 , чакана савдо айланмаси 3,7 фоизга ўсди.
Вилоятнинг “2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш” Дастурига мувофиқ ҳисобот даврида қиймати 529,8 миллиард сўмлик 560 та жумладан, саноатда 50 та, хизмат кўрсатишда 248 та ва қишлоқ хўжалиги йўналишида 262 та лойиҳалар амалга оширилди.
Ҳисобот даврида 2 минг 239 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди ҳамда уларнинг жами сони 16 минг 794 тага етди. Ҳозирги кунда рўйхатдан ўтган субъектларнинг 16 минг 289 таси ёки 97 фоизи фаолият кўрсатмоқда. (2017 йилда 96,2 фоиз). Шунингдек, ўтган даврда 243 та кичик бизнес субъектларининг фаолияти тикланди ва уларда 648 та иш ўринлари сақлаб қолинди.
Ўтган даврда 16 та қўшма корхоналар янгидан ташкил этилди ва уларнинг сони 74 тага етказилди. Шундан, 72 та қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

 

Ў.Баротов, ЎзА