Президент қарори инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар қатъий ва тарихий янгиланишлар эканини исботлади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, «Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда».
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу фикрнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан Президент қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
– Авваламбор, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 1948 йил 10 декабрда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори эса 2018 йил 10 декабрда қабул қилингани ғоят эътиборлидир, – деди А.Саидов. – Ушбу сана Инсон ҳуқуқлари куни сифатида мамлакатимизда ҳам, халқаро миқёсда ҳам миллий даражада нишонланади.
Агар тарихга назар солсак, ўша даврда БМТ аъзолари бўлган 58 давлатдан 48 таси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ёқлаб овоз берганига амин бўламиз. Саноқли давлатлар, шу жумладан, собиқ СССР ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватламаган ва овоз беришда бетараф қолган.
Ўзбекистон 1991 йил 31 августда ўз давлат мустақиллигини эълон қилганидан сўнг қисқа фурсатда ратификация қилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳисобланади. Мана шу биргина қиёсий далилнинг ўзи ҳам собиқ иттифоқ таркибидаги республика билан мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий хоҳиш-иродаси ва ҳуқуқий ваколатлари ўртасида ер билан осмон қадар тафовут борлигини кўрсатиб турибди.
Президентимиз томонидан 2017 йил 7 февралда тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда 2018 йил 5 майда тасдиқланган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури»да, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ҳуқуқий мақомини тубдан кучайтириш белгиланганди.
Мамлакатимиз раҳбарининг бу борада қабул қилган қароридан кўзланган асосий мақсад Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти самарадорлигини оширишдир. Шу билан бирга, қарорда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришнинг таъсирчан тизимини яратишга доир долзарб вазифалар белгилаб берилди. Қарорда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалиётга жорий этилиши кўзда тутилган муҳим янгилик ва ўзгаришлар акс этган.
– Президент қарорининг амалий аҳамиятини мухтасар шарҳлаб берсангиз?
– Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Биринчи Президентимизнинг 1996 йил 31 октябрдаги фармони асосида тузилган. Ўтган даврда Вазирлар Маҳкамасининг бир нечта қарори билан Миллий марказнинг фаолияти қўллаб-қувватлаб келинди.
Энг муҳими, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу қарори билан биринчи навбатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мақоми тубдан оширилди. Қарорда таъкидланганидек, Миллий марказ Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро алоқаларини, миллий маърузалар тайёрлашни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажаришга алоқадор вазирликлар, идоралар, бошқа давлат органлари зиммасига Миллий марказ билан доимий ҳамкорлик қилиш вазифаси юкланди. Миллий марказнинг сўровига кўра инсон ҳуқуқлари соҳасида тегишли ахборот ва статистик маълумотларни тақдим этиш учун эндиликда ушбу вазирлик ва ташкилотлар ўзларининг масъул тузилмалари ва мансабдор шахсларини белгилаши шарт.
Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи олий қадриятдир. Чунки ҳуқуқи йўқ киши мисоли жонсиз тана, унинг на овози ва на эрки бор. Жамиятда ўзаро тенглик, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш учун ҳам инсон ҳуқуқлари биринчи галда Асосий қонунларда кафолатланади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”, деб ёзиб қўйилган. Инсон қадр-қимматини эъзозлаш, адолатни қарор топтириш масаласи кейинги йилларда мамлакатимизда устувор аҳамиятга эга бўлган вазифага айланди.
Шу нуқтаи назардан, Президентимиз қарори асосида бу борадаги ишларни бевосита назорат қиладиган, тартибга соладиган, ўрганадиган ва бошқа давлат органларидан мутлақо мустақил бўлган Миллий марказ ўз ишини янгича услубда олиб борадиган бўлди.
– Миллий марказ ўз фаолиятида давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тизимлари билан қандай тартибда ҳамкорлик қилади?
– Миллий марказ ўзининг ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Миллий марказ давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларимизни бажариш масалалари бўйича кўмаклашади.
Қарорда Миллий марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига Миллий марказ билан ҳамкорликда иш олиб бориш юзасидан бир қанча муҳим тавсиялар берилди. Парламент палаталари энди ўзларининг қўмита ва комиссияларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларимизни бажариш бўйича миллий маърузалар лойиҳаларининг муҳокамаларини ўтказади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича миллий маърузалар ҳамда БМТнинг устав ва шартномавий органларида кўриб чиқиш якунларини парламентда эшитиш амалиёти жорий этилади. Парламент инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режалари – “йўл хариталари”ни тасдиқлаши кўзда тутилмоқда.
Энг асосийси, бундан буён фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва уларни чеклаш масалалари бўйича қонун лойиҳалари Милий марказ билан мажбурий равишда келишилади.
Бундан ташқари, қарорда белгиланганидек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, шу жумладан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришда фаол ва бевосита иштирок этиш, идоралараро ҳамкорлик қилиш ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва бошқа ташкилотлар билан меморандумлар, ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро форумларда мунтазам иштирок этишни назарда тутувчи Миллий марказнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқишга киришдик.
– Миллий марказнинг Президент қарори ижроси доирасидаги фаолиятида нималарга алоҳида урғу берилади?
– Бу борада инсон ҳуқуқлари соҳасида чинакам ютуқ бўладиган муҳим бир масала, янги марра олдимизда турибди. Агар биз аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга эришсак, бугун ечишимиз лозим бўлган қатор муаммолар ўз-ўзидан бартараф этилиши ва ҳатто юзага келмаслиги йўлида катта ишни бажарган бўламиз.
Зеро, инсон ҳуқуқларининг биринчи галдаги ҳимоячиси айнан инсоннинг ўзидир! Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, “яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ”.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда кейинги икки йилда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлардан кўзланган мақсад аввало фуқароларимизга енгиллик яратиш, турли мантиқсиз тақиқларни олиб ташлаш, давлат идора ва ташкилотлари фаолиятини шаффоф, ошкора йўлга қўйиш, пировард натижада аҳоли ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдир.
Юртимизда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги обрў ва нуфузини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида халқаро таниқли сиёсатчилар, кўзга кўринган олим ва экспертларнинг иштирок этгани бунга яққол мисол бўла олади.
Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳаётининг бошқа кўплаб соҳалари қатори инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа механизмларини янада такомиллаштиришни тақозо этаётган эди. Президентимиз қарори мазкур йўналишдаги ўзгаришларнинг юзаки, ясама хатти-ҳаракат эмас, аксинча, том маънода, қатъий, амалий ҳамда изчил тарихий янгиланишлар эканини яна бир бор исботлаб берди.
Ғулом Мирзо суҳбатлашди​
ЎзА