Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни республикамизнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Акциядорлик-тижорат “Алоқабанк”нинг (кейинги ўринларда АТ “Алоқабанк” деб аталади) “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

асаларичилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган норматив-хуқуқий базани ишлаб чиқишда иштирок этиш;

асаларичилик тармоғини ривожлантириш дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, ягона илмий-техника, технологик, инвестиция ва экспорт сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда асаларичилик хўжаликларини ўрмон фонди ерларига, тоғ ва тоғолди ҳудудларига, табиий пичанзор ва яйловларга ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларига жойлаштиришни амалга ошириш;

асаларилар учун сунъий озуқалар ишлаб чиқаришни марказлашган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш ва ушбу тажрибани кенг қўллаш ҳисобига асаларичилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш;

асалари касалликларининг олдини олиш, даволаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий ва илғор усулларни жорий этиш ишларига кўмаклашиш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, шу жумладан, хорижий муассасаларда асаларичилик тармоғига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда иштирок этиш.

3. “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг ташкилий тузилмаси ва унинг ижро этувчи аппарати бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 27 нафар бўлган тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

4. Уюшмани ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва унинг келгуси фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) 3-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳ (З.Т.Мирзаев) икки ой муддатда:

Уюшмани ташкил қилиш бўйича ташкилий масалалар ҳал этилишини, унинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Уюшманинг марказий аппарати юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва АТ “Алоқабанк” Уюшманинг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиб кириши билан боғлиқ барча зарур ташкилий-амалий тадбирларни таъминласин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Уюшма раиси ва унинг ўринбосари муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланади;

Уюшманинг ижро этувчи аппарати фаолиятини молиялаштириш Уюшмага аъзо бўлган ташкилотларнинг аъзолик бадаллари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Уюшмани ташкил этиш ҳамда унинг фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар, Уюшманинг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиб кириш ва аъзолик бадали тўловлари дастлабки уч йил давомида АТ “Алоқабанк” маблағлари ҳисобидан таъминланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва АТ “Алоқабанк” томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда асаларичилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлар дастури 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Уюшманинг буюртманомасига асосан асаларичилик хўжаликларига – Уюшма аъзоларига асалари оилаларини асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг қўриқланадиган зонасидан ташқари), тоғ ва тоғолди ҳудудлари, табиий пичанзор ва яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари фойдаланишга бепул берилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб асаларичилик тармоғи учун олий малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Фарғона давлат университетида зоотехника факультетини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. АТ “Алоқабанк”нинг масъулияти чекланган жамият шаклидаги лизинг компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

тижорат банклари кредити ва лизинг компаниясининг ўз маблағлари ҳисобига асалари уялари, зарур жиҳозлар ва ускуналар етказиб беришни ташкил этиш ва таъминлаш;

асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар, ускуналар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, шунингдек, асални қадоқлаш бўйича замонавий технологик линияларни лизинг асосида етказиб бериш.

11. 2023 йилнинг 1 январигача белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар (маҳсулот), асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлари, мумпарда ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

12. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасини жойлаштириш учун ижара ҳақини “ноль” ставкада белгилаган ҳолда зарур бино ажратилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг буюртманомаларига биноан асаларичилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг виза талабномаларига биноан асаларичилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштиришни таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг буюртманомаларига биноан белгиланган тартибда асаларичилик тармоғида ишлаш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 октябрь

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ

Кейинги йилларда республикамизда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, сифатли асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар қабул қилинди. Уларнинг ижроси самарали таъминланмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2016 йилга келиб республикамизда асаларичилик соҳасида 12 мингдан ортиқ тадбиркор фаолият кўрсатмоқда. Асаларичилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Акциядорлик-тижорат “Алоқабанк” (кейинги ўринларда АТ “Алоқабанк” деб аталади) томонидан 30 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Аҳолининг асал маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2016 йилда 12 минг тонна асал етиштирилди. Бу 2015 йилга нисбатан 1,2 марта кўпдир.

Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатадики, асал ишлаб чиқариш бўйича мавжуд имкониятлардан самарасиз фойдаланиш асаларичилик тармоғининг энг заиф бўғини ҳисобланади. Натижада асалари оилаларининг маҳсулдорлиги 20 килограммдан ошмайди, бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам пастдир. Асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, асал етиштиришнинг замонавий технологияларини кенг жорий этиш ва юқори технологик усулларидан фойдаланиш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида асаларичиликни янада ривожлантириш ва аҳолини арзон асал маҳсулотлари билан таъминлашдаги камчиликлар, муаммолар ва мавжуд имкониятлар кенг муҳокама қилинган эди.

Асаларичилик тармоғидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ташкил этилди.

“Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг асосий вазифалари этиб асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, асал етиштириш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш белгилаб қўйилди.

Уюшма тизимига жойларда асаларичилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича 13 та доимий вакил киритилди.

Ушбу қарор билан “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиши назарда тутилган.

Уюшмани ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар ҳамда Уюшманинг “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиб кириш, аъзолик бадали тўлови дастлабки уч йил давомида АТ “Алоқабанк” маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, қарор билан асаларичилик соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида зоотехника факультетини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш топширилган.

АТ “Алоқабанк” ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида лизинг компанияси ташкил этилади, унга тижорат банклари кредитлари ва лизинг компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан асалари уялари, улар учун зарур жиҳозлар, анжомларни ва асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асални қадоқлаш технологик линиялари ва бошқа лизинг объектларини лизинг асосида етказиб бериш вазифаси юклатилган.

Асаларичилик хўжаликлари томонидан асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерларидан, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг қўриқланадиган зонасидан ташқари), тоғ ва тоғолди ҳудудларидан, табиий пичанзор ва яйловлардан ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш бепул амалга оширилади.

Белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар (маҳсулот), асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташувчи махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мумпарда ва мум маҳсулотларини 2023 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этиш бўйича имтиёз берилди.

Мазкур қарор билан асал етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга, асалари пакетлари билан хўжаликларни таъминлашга, асал етиштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган 2017-2021 йилларда асаларичилик тармоғини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ушбу қарорга мувофиқ асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2017 йилдаги 15,4 минг тоннадан 2021 йилга бориб 23,7 минг тоннагача етказиш назарда тутилган.

Қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши асаларичиликнинг барча соҳасини қамраб олган ҳолда, унинг жадал ривожланишини таъминловчи ягона бошқарув тизимини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, асал етиштириш ҳажмларини кескин кўпайтириш, республика аҳолисининг асал маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.