​Шаҳрам Ғиёсовга “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони топширилди

Ушбу мукофотни Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев топширди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Олимпия ўйинлари совриндори, ҳаваскор боксда жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсовга халқаро мусобақалардаги ва профессионал боксдаги ғалабалари ҳамда юртимизда спортни оммалаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонини топширди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарингиз бор, Шаҳрам Ғиёсов жорий йилнинг 25 ноябрь куни Америка Қўшма Штатларининг Атлантик-Сити шаҳрида бўлиб ўтган профессионал бокс кечасида навбатдаги рақиби мексикалик тажрибали боксчи Мигел Замудиони илк раунддаёқ мағлуб этган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил Бразилиянинг «Рио-де-Жанейро»да бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс мусобақасида кумуш медални қўлга киритган Шаҳрам Ғиёсов бугунги кунгача профессионал боксда 6 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган, у 5 та баҳсни муддатидан олдин якунлай олган.

 

ЎзА​