Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида жамоат фонди томонидан давлат гранти ажратиш бўйича ўтказилган танловларга келиб тушган лойиҳаларнинг натижалари бўйича Парламент комиссияси ишчи гуруҳининг ҳисоботи тингланди.

Давлат гранти ажратиш бўйича ўтказилган 2 та танловга жами 244 ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларидан 278 та лойиҳа қабул қилинган. Биринчи танлов натижаларига кўра, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг муҳим ижтимоий аҳамиятга эга ва ғолиб деб топилган 35 та лойиҳаси 1 миллиард 50 миллион сўмга қўллаб-қувватланиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ажратилган грантлар ҳисобидан Ўзбекистонда яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг анъаналари, урф-одатлари, удумларини сақлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, бирдамликни янада мустаҳкамлаш, конфессиялараро тотувликни таъминлаш ҳамда юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” шиори остида танловлар ташкил этилади.

Инсон хуқуқлари умумжахон декларацияси қабул қилинганлигининг
70 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида қўшимча эълон қилинган давлат гранти танлови бўйича ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 20 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари молиялаштириладиган бўлди.

Тадбирда парламент комиссияси томонидан жорий йил учун қўшимча яна 3 та давлат гранти танловлари эълон қилинди. Шунингдек, ўтган давр мобайнида давлат ижтимоий буюртмасини олган ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ҳисоботлари тингланди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА