Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги таклифига биноан мамлакатимизда келган Тожикистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Холиқзода Абдуманон Ғаффор бошчилигидаги делегация 28 ноябрь куни Бухорода бўлди.
Меҳмонларнинг ташрифи Давлат хизматлари агентлигининг Бухоро шаҳар марказидан бошланди. Марказ кўплаб қулайликларга эга. Масалан, унинг зали бўйлаб ўрнатилган белгилар, хизматларни онлайн тарзида олиш имконини берадиган инфокиосклар, у ёки бу давлат хизматидан фойдаланиш жараёни ҳақида электрон навбат талонини олиш юзасидан малакали мутахассислар томонидан кенг маълумотлар берилиши, монитор орқали электрон навбат рўйхати намойиш этилиши мижозларга қулайлик яратади.
Бугунги кунда марказ томонидан юридик шахслар ва фуқароларга жами 100 дан зиёд давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, биометрик паспорт олиш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштиришга йўлланма ва автомобиль рақамларини бериш кабилар шулар жумласидандир. Замонавий ахборот -коммуникация технологиялари жорий этилгани мазкур хизматларнинг сифатли ва тезкорлигини таъминламоқда.
Қўшни мамлакат делегацияси аъзолари улуғ аждодимиз, комил инсон тарбиясида муҳим аҳамиятга эга нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанднинг Когон туманида жойлашган ёдгорлик мажмуасида бўлиб, пир қабрини зиёрат қилди. Шунингдек, улар Бухоро шаҳридаги кўп асрлик тарихга эга меъморий обидалар билан ҳам танишди.