Тожикистон адлия соҳасида Ўзбекистон тажрибаси билан танишмоқда

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги таклифига биноан Тожикистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Холиқзода Абдуманон Ғаффор бошчилигидаги делегация шу кунларда мамлакатимизда бўлиб турибди. 
Ташриф доирасида бугун, Тошкентда делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раҳбарияти билан учрашди.
Ўзаро мулоқотда адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов меҳмонларни юртимизда ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди.
Ўз навбатида, Абдуманон Холиқзода қабул ва таништирув учун миннатдорлик билдириб, юртимизда нотариал, ФҲДЁ органлари ва адвокатура институтлари фаолиятдаги ижобий ўзгаришларга, янгиликларга юқори баҳо берди.
Учрашув доирасида Адлия вазирлигининг бугунги кундаги фаолияти, вазифалари, нотариал соҳада, фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш йўналишида олиб бораётган ишлари мазмун-моҳияти қамраб олинган тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, томонлар адлия соҳасида икки томонлама ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
– Ўзбекистон адлия соҳасида катта тажриба эга, – деди Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Асадулла Ҳакимов. – Ташриф доирасида биз ана шу тажриба билан яқиндан танишишни мақсад қилганмиз. Бугунги учрашувда ҳам мамлакатингиз адлия тизимида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш борасида бир қанча янгиликлар жорий қилинганига гувоҳ бўлдик. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилда мамлакатларимиз Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланган эди. Ўзаро тажриба алмашинувимиз ана шу ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлмоқда. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни ҳам Тожикистонга ташриф буюриб, тажрибаларимиз билан яқиндан танишишга таклиф этамиз.
Шу куни Тошкент Давлат юридик университетида Адлия вазирлиги тизимидаги ислоҳотларга бағишланиб ташкил этилган семинарда ҳам делегация вакиллари иштирок этди.
Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давом этади. Меҳмонларни Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги давлат хизматлари марказлари, нотариал идоралар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти билан яқиндан таништириш режалаштирилган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА