22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форуми бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум инсон эрки ва қадр-қимматини улуғлаш, ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўймасликка қаратилган ижтимоий ва глобал аҳамиятга эга йирик тадбир сифатида дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Хусусан, қатор халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларида Осиё форуми ҳақида кўплаб материаллар эълон қилинди.
ЕХҲТнинг қатор тузилмалари анжуманда фаол иштирок этди. Ушбу ташкилотнинг интернет сайтида эълон қилинган мақолада бундай катта делегациянинг Самарқандга ташрифи тадбирнинг муҳим аҳамиятга эга экани билан изоҳланиши таъкидланади.
Мақолада қайд этилганидек, Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилган форум, унда 400 га яқин иштирокчи қатнашиши инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси ҳисобланади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “ИнфоШОС” портали саҳифаларида ҳам форумнинг аҳамияти, анжуман тафсилотларига бағишланган мақола жойлаштирилди. Хабарда тадбирнинг халқаро аҳамиятга эга экани, унда БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, ИҲТ, шунингдек, қатор давлатлар парламентлари делегациялари, инсон ҳуқуқлар бўйича миллий институтлар раҳбарлари ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этгани бунинг тасдиғи экани алоҳида қайд этилади.
МДҲ Ижроия қўмитаси расмий сайти саҳифаларида ҳам Самарқанд форуми тафсилотларига алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, форумга бағишланган мақолада шундай дейилади: “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси МДҲ ташкилотининг шартномавий базасини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ушбу ҳужжат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалиётни белгиловчи асосдир. Декларациянинг 70 йиллигига бағишланган форум халқаро ҳуқуққа риоя этилишини таъминлаш ва бу борадаги ҳамкорликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.
Беларусь Республикасининг етакчи ахборот агентлиги “БелТА”да форум ҳақида “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми 22-23 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилди” сарлавҳали мақола чоп этилди.
Унда анжуманнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги аҳамияти, конференцияда кўрилган мавзулар ҳақида маълумотлар келтирилган.
Қирғизистон миллий ахборот агентлиги “Кабар”да нашр этилган мақолада Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилгани қайд этилади.
Шунингдек, мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, сўнгги йиллардаги интилиш ва халқаро ҳамкорликдаги дастурлари ҳақида маълумотлар келтирилади.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашуви, қолаверса, Олий комиссарнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган ҳаракатлар режаси Ўзбекистоннинг инсон шаъни ва эркинлигини ҳимоя қилиш йўлидаги ҳамкорлик йўналишини белгилаб берди“, дейилади хабарда.
Озарбайжоннинг “Trend.Az“ ахборот агентлиги мухбири Фикрет Долухановнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми доирасида ташкил қилинган учрашувлар ҳақидаги мақоласи ҳам энг кўп ўқилган хабарлар рўйхатидан ўрин олганини қайд этиш жоиз.
Муаллиф бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан шитоб билан ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари, хусусан, Ўзбекистон билан БМТ муносабатлари ҳақида фикр билдиради.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан, Самарқандда ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида эришилган натижаларни амалга оширишда шериклиrни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини қайд этди, дейилади хабарда.