Мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчи

“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ва Навоий шаҳрининг 60 йиллик тантаналари кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 октябрдаги “Навоий шаҳри ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ташкил топганлигининг 60 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда турли халқаро анжуман ва тадбирлар ўтказилмоқда.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоят ер ости ва ер усти табиий бойликлари, улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Вилоят маркази эса юртимизнинг навқирон ва гўзал шаҳарларидан биридир. Мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудуди ҳисобланган вилоятда кон-металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати жадал ривожланмоқда.
“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси тарихи 1958 йил Қизилқум минтақасида қимматбаҳо металларни қазиб олиш учун мўлжалланган комбинат қурилиши билан боғлиқ. Ҳудуднинг ер ости бойликларини аниқлашда машҳур олим, академик Ҳабиб Абдуллаевнинг илмий изланишлари муҳим аҳамиятга эга. Халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидовнинг Зарафшон воҳасида Навоий кон-металлургия комбинатини ташкил этиш, бепоён саҳро бағрида Навоий, Зарафшон, Учқудуқ сингари кўркам шаҳарларга асос солинишидаги фидойилиги туфайли улар бугун мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мустақиллигимиз шарофати билан комбинат ўтган тарихан қисқа, аммо залворли даврда ўзининг ишлаб чиқариш қувватларини йил сайин ошириб, катта марраларга эришмоқда.
11-faqat saytga.JPG
16-faqat saytga.JPG
Юбилей муносабати билан Навоий давлат кончилик институтида “Кон-металлургия мажмуасини инновацион ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда юртимиз олимлари билан бирга, Россия, Германия, Канада, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган кон-металлургия соҳасининг етук мутахассислари иштирок этди.
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида ташкил этилган юбилей тадбирида Президентимизнинг “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ва Навоий шаҳрининг 60 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди.
Президентимизнинг «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси ва Навоий шаҳрининг 60 йиллиги муносабати билан ишлаб чиқариш илғорлари ва жамоатчилик фаолларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган бир гуруҳ кончилик саноати вакилларига мукофотлар топширилди.
«Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси И.Раҳматов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
– Комбинатда кадрлар сиёсатининг бош стратегияси – етук мутахассислар тайёрлаш, уларнинг захирасини ташкил этиш, малакасини ва амалий маҳоратини муттасил ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётир, – дейди И.Раҳматов. – Бугунги кунда комбинатда 60 мингга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади. Комбинатнинг бош анъанаси – инсон омилига эътибор қаратиш, уни ижтимоий муҳофаза қилиш, ишчи-ходимлар турмуш шароитини яхшилаш, уларни соғломлаштириш, дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит яратишдир. Комбинатда бу борада барча шарт-шароит мавжуд.
Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

 

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА