Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 22 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган кенг миқёсли тадбир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Истанбулдаги минтақавий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусидаги форумда миллий ва хорижий экспертлар, парламент ва суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳисоботлар тақдим этиш ва кейинги ҳаракатлар бўйича давлат мувофиқлаштириш органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ходимлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, тадбирга Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Марказий Осиё давлатлари, Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Мўғулистон, Афғонистон каби қатор мамлакатлардан вакиллар ташриф буюрган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев ўқиб эшиттирди. Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг видеомурожаати тингланди.
Давлатимиз раҳбарининг қутловида қайд этилганидек, 70 йил аввал қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш борасида янги имкониятлар очди. Афсуски, бугунги кунда биз барчамиз ана шу ижобий жараёнга тўсқинлик қилаётган мураккаб ва зиддиятли тенденциялар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ана шундай мураккаб бир даврда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг асосий тамойил – инсон ҳуқуқлари универсаллиги принципи сиёсий жараёнларда ва халқаро ҳуқуқ амалиётида кун тартибида бўлиб келмоқда. 2015 йил сентябрда Нью-Йоркда ўтган Барқарор ривожланиш бўйича БМТ саммитида 170 давлат етакчилари томонидан бу борада 2030 йилгача бажариладиган ишлар кун тартиби тасдиқланди. Барқарор ривожланишнинг 17 мақсадини рўёбга чиқариш учун 15 йил ичида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. Аммо бугун дунёнинг айрим минтақаларида давлатлар томонидан инсон ҳуқуқларининг универсаллигини ҳар бир инсон учун таъминлаб бериш осон кечмаяпти.
– Ер шаридаги энг катта қитъа, жами қуруқлик майдонининг 30 фоиздан ортиғини эгаллаган Осиё иқтисодиёти глобал иқтисодиётнинг қарийб 32 фоизини ташкил этади, – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – Осиё қитъаси мамлакатларида иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Аҳоли даромадлари ошмоқда. Шу билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадлари таъминланиши ва инсон ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш учун долзарб вазифалар мавжудлиги аён бўлмоқда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан буён қитъамизда илк бор ўтказилаётган ушбу форум инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва янгиларини таъсис этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Декларациянинг барча асосий принциплари Ўзбекистон Конституциясида ўз ифодасини топган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг “Йўл харитаси” бўлди. Ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш масалалари давлат сиёсатининг ва халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларнинг устувор йўналишига айланди.
– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсоннинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатдир, – деди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси бош директори Майкл Мёллер. – Дунёда бундан бошқа энг кўп тилга таржима қилинган, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асос бўлган, бу қадар кўп давлатлар қўшилган ҳужжат йўқ. Чунки унда сайёрамизда яшаётган ҳар бир инсоннинг, у қаерда туғилгани, яшаётгани, қайси миллатга мансублиги, қандай тилда сўзлашиши, диний эътиқодидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани белгиланган. Ўзбекистон Республикаси ҳам БМТнинг бошқа ҳужжатлари қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат, Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида ҳам, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади мужассам.
БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро анжуманнинг узвий давоми эканини қайд этиб, бу галги тадбир нафақат минтақа халқлари, балки бутун Осиё учун аҳамиятли эканини таъкидлади.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол минтақавий ташқи сиёсат олиб бораётгани иқтисодий алоқаларни ривожлантириш билан бирга, тарихан дўст ва қардош халқларни янада яқинлаштирмоқда, – деди Наталья Герман. – Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларидан ўтиб-қайтиш режими соддалаштирилиши, транспорт-логистика тармоғидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани, аввало, оддий одамлар манфаатига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ушбу мамлакатдаги аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни ҳам олқишлаш лозим. Шу жиҳатдан Самарқандда ўтаётган мазкур форум тарихий аҳамиятга эга.
Форумда, шунингдек, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Георгий Церетели, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг махсус вакили Адам Абделмула ва бошқалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бугунги кунда халқаро миқёсда олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар, мазкур анжуманнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг форум иштирокчиларига мурожаати тингланди.
Осиё форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Куннинг иккинчи ярмида форум “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мероси – универсаллик ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон ҳуқуқлари – Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш асоси сифатида”, “Инсон ҳуқуқлари соҳаси таълими: инновациялар ва янги даъватлар” сессияларида ўз ишини давом эттирди. Халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказлар раҳбарлари мазкур йўналишларда ўз маърузалари билан қатнашди.
Форум давом этмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Улуғбек Шоназаров, ЎзА махсус мухбирлари