Европа банки: Энди навбат боғдорчиликка

Европа инвестиция банки (ЕИБ) вице-президенти Васил Худак бошчилигидаги делегация Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари билан учрашди.
 
photo5454376636926503326.jpg
Қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари А. Эргашев сўнгги вақтларда амалга оширилаётган кенг кўламли юмушлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, мазкур молия муассасаси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва логистикаси, экин майдонларига сувни тежовчи технологияларни жорий этиш йўналишларидаги лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш тарафлар учун аҳамиятли эканини таъкидлади.
– Банкимиз Ўзбекистонда фаолият бошлаганига энди бир йил бўлди, – дейди Европа инвестиция банки (ЕИБ) вице-президенти Васил Худак. – Айни пайтда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этиш, деградацияга учраган тупроқларни қайта тиклаш, сув инфратузилмасини модернизация қилиш, тежамкор ҳамда экологик безарар технологияларни қўллаш бўйича ҳамкорликда лойиҳалар бажармоқдамиз. Янги лойиҳаларни ҳам молиялаштиришга тайёрмиз.
Учрашув давомида боғдорчилик соҳасида, экин майдонларига томчилаб суғориш технологиялари жорий этишга оид лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳа ходимларининг малакаси оширишга келишиб олинди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА​​