Пойтахтимизда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташкил этилганининг 15 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон нодавлат оммавий ахборот воситалари: ривожланиш босқичлари ва келажак истиқболлари“ мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Унда депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус, нодавлат медиа тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров, “Тараққиёт стратегияси“ маркази ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар мамлакатимизда миллий журналистикани равнақ топтириш учун етарли имконият яратилаётганини таъкидлади.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Атул Кумар, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар жараёни миллий журналистика соҳасида ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.
Ассоциация ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлабоқ нодавлат оммавий ахборот воситаларини бирлаштириш, уларнинг эркин иқтисодий фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратиш, юртимиздаги нодавлат телерадиостанциялар ишини ривожлантиришга оид кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Ўз атрофига 100 дан ортиқ нодавлат электрон оммавий ахборот воситасини бирлаштирган мазкур медиа тузилма унга аъзо нодавлат телерадио узатувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, эфир дастурларини миллий манфаатларимизга мос контент билан таъминлаш, техник ва ижодий ходимлар маҳоратини ошириш, телерадиостанциялар моддий-техник базасини яхшилаш каби масалалар юзасидан тизимли ишларни амалга оширмоқда. Айни пайтда халқимизни тезкор, холис ахборот билан таъминлашда ўзига хос ва ижодий ёндашув, масъулият, кадрлар маҳоратини муттасил чархлаб бориш долзарб аҳамият касб этмоқда.
– Оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият ўртасидаги кўприк саналади, – дейди “Ruxsоr“ телерадиоканали бош муҳаррири Зиёвуддин Ҳакимов. – Шу маънода касбий кўникмаларимизни оширишда турли семинарлар, медиа оромгоҳлардаги машғулотлар ижодий ва техник ходимлар салоҳиятини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Конференцияда “Болалар ва масс-медиа: Ўзбекистондаги медиатаълим истиқболлари“, “Мустақил журналистиканинг ривожланиши: Ўзбекистон тажрибаси ва амалиёт“, “Оммавий ахборот воситалари, ҳокимият ва фуқаролик жамияти: манфаатлар мувозанати йўлида“, “Парламент комиссияси фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида“ каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Шу куни конференция доирасида ташкил этилган ёшлар медиа-форумида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлиги натижалари атрофлича таҳлил этилди. Юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг нодавлат телерадиоканалларда ёритилиши кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ёшлар студиясининг 2019 йилда амалга ошириладиган ишлари, ҳамкорликдаги ижодий лойиҳалар атрофлича муҳокама этилди.
Ассоциация томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган “Озод юрт тўлқинлари“ XI миллий фестивалида турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Энг фаол нодавлат медиа тузилмаларнинг ходимлари тақдирланди.