Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган қонун лойиҳаларини атрофлича муҳокама қилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Лойиҳа Президентимизнинг 2018 йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича йўл харитасининг 25-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Бугун нотурар объектлар қуриш учун ажратилган ер участкаларини ўзлаштириш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини кучайтириш, шунингдек, корхоналарни фаол хўжалик фаолиятига жалб этиш ҳамда шу асосда янги иш ўринларини яратиш долзарб масала ҳисобланади. Мазкур қонун лойиҳаси ушбу масалалар ечимини ҳам назарда тутади.
Фракция аъзолари Президентимиз ташаббуси билан бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан бир қатор амалий ишлар олиб борилаётган бир пайтда айрим тадбиркорлик субъектларининг нотурар объектлар қуриш учун ажратилган ер участкаларидан фойдаланишда лоқайдликка йўл қўяётганини таъкидлаб, уларга нисбатан талабнинг кучайтирилишини мақсадга мувофиқ, дея эътироф этдилар. Айнан шундай тадбиркорлик субъектларининг ҳаракатсизлиги сабаб кўплаб иш ўринлари яратилмасдан қолмоқда.
Қонун лойиҳасида нотурар объектлар қуриш учун ажратилган ер участкаларини ўзлаштириш муддати уч йилдан икки йилгача қисқартирилиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини ҳам оширишга туртки беради.
Қонун лойиҳаси билан Ер кодексининг 36-моддасига тегишли ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаса, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ бекор қилинади. Тадбирда лойиҳани биринчи ўқишда концептуал қўллаб-қувватлаш таклифи билдирилди.
Йиғилишда депутатлар ташаббуси билан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан бюджетнинг ижро этилиши билан боғлиқ маълумотлар, мазкур давлат органларининг бюджет харажатларини режалаштириш, шакллантириш ва ижро этишга оид маълумотларни расмий веб-сайтларда жойлаштириш орқали жамоатчилик фойдаланиши учун ҳуқуқий шароит яратилиши белгиланмоқда.
Йиғилишда бу борадаги хорижий тажриба ҳам депутатлар эътиборидан четда қолмади. Бюджетнинг очиқлиги тўғрисида Россия, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Қозоғистонда амалда бўлган тартиб ва қонунчилик юзасидан ахборот берилди. Муҳокамалар якунида фракция аъзолари томонидан мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.