Газ қуйиш шохобчалари нархларни ўзбошимчалик билан кўтарган, улар ўзлари хоҳлаган нархларини қўйиб сотаётган эди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерцияси билан ҳамкорликда ўтказган таҳлили буни фош этди.
Куни кеча uza.uz сайтида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерцияси билан ҳамкорликда ҳудудлардаги газ қуйиш шохобчаларида сотилаётган метангаз нархлари таҳлилига доир материал эълон қилинган эди. Ушбу мақолага жавобан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали реализация қилинаётган табиий газ нархини оширишга асос йўқлигини маълум қилгани эълон қилинди.
Унга кўра, шу йилнинг 16 ноябрига қадар газ-заправкаларга етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг нархи — 789 сўм 74 тийин (бунинг 289,74 тийини — табиий газнинг улгуржи сотиш нархи, 500 сўми — махсус инвестиция устама ҳақи).
Молия вазирлиги газ-заправкалар томонидан нархнинг 17 фоизга оширилгани асоссиз эканини билдирди. Агар нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли санкцияларни кўришга мажбур бўлиниши маълум қилинди.
Агар бирор бир ҳудудда метангаз нархлари давлат томонидан белгиланган нархлардан юқори баҳоларда сотилаётган бўлса, ЎзА расмий сайти – uza.uzга ёки Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Шуни маълум қиламизки, айни пайтда бутун республика бўйича мутасадди идораларнинг бу борадаги назорати кучайтирилди.
ЎзА