Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда депутатлар соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилди, бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.
Дастлаб фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган йўналишларнинг мазмун-моҳияти ва депутатлик корпуси олдида турган галдаги чоралар ҳақида фикрлашдилар.
Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, бу соҳада учраётган муаммоларни тўла бартараф этиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини, туман марказий шифохоналарининг малакали кадрлар билан таъминланиш даражасини кўтариш, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва марказий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ЎзЛиДеП соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришни янада жадаллаштириш, мамлакатимизда хусусий тиббиётнинг барча тармоқлари ривожлантирилиши, шунингдек, вилоятлар марказларида ва йирик шаҳарларида «тиббиёт хаб»ларини барпо этиш бўйича Президент таклифларини қўллаб-қувватлайди.
Депутатларнинг фикрича, яқин истиқболда мазкур соҳани янада изчил ривожлантириш, 2025 йилгача юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан янгилаш концепциясининг ишлаб чиқилишида фракция аъзолари фаол иштирок этиб, аниқ таклифлар киритиши муҳим вазифа ҳисобланади. Хусусан, 2021 йилдан бошлаб юртимизда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва бу орқали бюджет харажатларини камайтириш, давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратиб, шу борадаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдаги ўз таклифларини ўртага ташладилар.
Йиғилиш давомида фракция ваколатига кирувчи бир қатор бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Кун тартибидан ўрин олган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Нурилло Насриев, ЎзА