Бу йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 26 йил тўлади. Юртимизда ушбу қутлуғ сана муносабати билан кўплаб байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан «Конституция – бахтимиз қомуси» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Конституция ҳамда унинг асосида қабул қилинган миллий қонунчилигимиз таҳлили умуминсоний ҳамда халқимизнинг асрлар давомида сайқалланиб келаётган тарихий, миллий, ҳуқуқий ва маънавий қадриятларининг уйғун ва ҳамоҳанглиги асосида яратилгани алоҳида эътироф этилди.
Қайд этилганидек, ўтган вақт мобайнида шу асосда Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари ва бошқа зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, унинг ҳуқуқий пойдевори яратилди. Мамлакатимизда оилага жамиятнинг муҳим бўғини, айниқса, ёш авлод камолотига бевосита дахлдор ижтимоий институт сифатида юксак эътибор қаратилаётгани бунинг ёрқин далилидир.
Давра суҳбати якунида партия ташкилотлари ва депутатлари жойларда ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этиши ҳамда аҳолимиз, авваламбор, ёшларимиз билан бўлаётган учрашувларда Конституциямиздаги нормаларни кенг тушунтиришлари мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Нурилло Насриев, ЎзА