Кадастр тизимини такомиллаштириш бўйича ўқув курси ўтказилмоқда

Европа таълими институтининг Тошкентдаги филиали томонидан “Кадастр, ер тузиш ва геоахборот тизимларини такомиллаштириш” мавзусида ўқув курси ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ҳамда Миллий географик ахборот тизимини жорий этиш мақсадида Европа таълими институти (ЕТИ)нинг Тошкентдаги филиали томонидан “Кадастр, ер тузиш ва геоахборот тизимларини такомиллаштириш” мавзусида ўқув курсининг очилиш маросими ўтказилди. Унда «Давергеодезкадастр» давлат қўмитаси вакили Гуличеҳра Абдуллаева, “Геоинновация маркази” давлат унитар корхонаси директор ўринбосари Дмитрий Лем ҳамда ЕТИнинг Тошкентдаги филиали директори профессор Тошко Крастев иштирок этди.
photo5452142884565395931.jpg
Эслатиб ўтамиз, мазкур ўқув курси ЕТИнинг т.ф.н профессор Иван Кунчев ва Элена Златкова томонидан олиб борилади. Ўқув машғулотлари жорий йилнинг 26 ноябрга қадар давом этади.
Ўқув курсини ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад, геодезия, картография, геоахборот тизимлари бўйича ходимларнинг малакасини ошириш, жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, шунингдек, назарий ва амалий билим ҳамда кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Курс сўнггида тестдан муваффақиятли ўтган тингловчиларга ЕТИ томонидан сертификатлар тақдим этилади. Мазкур сертификат юртимизда ҳамда Европа иттифоқининг барча мамлакатларида амал қилади.​​

 

ЎзА