8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси
Конституцияси қабул қилинган кун
“Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.”
Ўзбекистон Республикасининг
Конституцияси, 55-модда.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги 29-умумтаълим мактабининг “Ёш биологлар” тўгараги аъзолари Қоровултепа сув омборига экскурсия қилди.
Қоровултепа сув омбори юртимиз ҳайвонот ва наботот оламининг ноёб турларини асраб келаётган табиат масканларидан биридир. Кўл ва кўл атрофида ўлкамизда доимий яшовчи, мавсумий ва қўниб ўтувчи қушларнинг Қизил китобга киритилган кўплаб турлари учрайди.
Сув омборида балиқхўр қушларнинг 10 га яқин тури яшайди. Илгари бу ерда кам учрайдиган қорабузов, оқбош ўрдак, олақанот ўрдак, қашқалдоқ, чағалай, оқ думли бургут, сувқирғий, қизилтомоқ ғозлар эндиликда анча кўпайди.
Тўгарак раҳбари, биология ўқитувчиси Х.Очилов ўқувчиларга қушларнинг ҳудудда доимий яшовчи, мавсумий келувчи, қўниб ўтувчи турлари, уларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тушунтириб берди. Ёш оринтологлар қушлар саноғини аниқлашга ҳаракат қилди. Уларни суратга олди.
– Табиат қўйнида ўтказилган кўргазмали машғулотда Бош қомусимизда табиат ва унинг бойликларини ҳимоя қилиш белгилаб қўйилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдик, – дейди Х.Очилов. – Ўқувчилар мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли Қоровултепа сув ҳавзасида қушлар ва бошқа жониворлар кўпайиб бораётганини ўз кўзи билан кўришга имконият яратилганидан хурсанд бўлди.
Ёшларнинг табиат ва уни муҳофаза қилиш ҳақидаги билимини бойитишга қаратилган таълим-тарбия ишлари вилоятдаги Айдар-Арнасой кўллари, Жиззах сув омбори яқинида жойлашган таълим муассасаларида ҳам яхши йўлга қўйилган. Масалан, Фориш тумани марказида – Айдар-Арнасой кўли яқинидаги Банд шаҳарчаси ҳамда Қизилқум қўрғони ҳудудидаги мактабларда бир неча йилдан буён ёш орнитологлар тўгараклари фаолият кўрсатаётир.
Бу тўгараклар билан “Нурота” давлат қўриқхонаси, Айдар-Арнасой кўлидаги давлат бионазорат постлари, Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, тумандаги 4-, 12-умумтаълим мактабларининг ёш орнитологлари қўриқхона ходимлари ва Қушларни муҳофаза қилиш жамияти фаоллари билан ҳамкорликда Айдар-Арнасой ҳавзасининг Тузкон кўлидаги 2-бионазорат пости ҳудудида ҳар йили қушлар саноғини ўтказишда иштирок этиб келаётир.
Тошқул Бекназаров, ЎзА