Ҳар йили 21 ноябрь куни “Жаҳон саломлашиш куни“ (World Hello Day) нишонланади. Байрамнинг асосий мақсади – тинчлик ва хотиржамликни сақлашда шахсий мулоқотларнинг муҳимлигига эътибор қаратишдан иборат. Чунки куч ишлатмаган ҳолда, шахсий муносабатлар билангина барча муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Саломлашиш байрамини 1973 йилда америкалик ака-укалар Майкл ва Брайен Маккомаклар ўйлаб топишган. Улар шу тариқа халқаро кескинликнинг кучайишига қарши чиқишган. Чунки ўша вақтда Миср ва Исроил ўртасидаги кескинлик ўзининг авж нуқтасига чиққан эди.
Ака-укалар оддий, шу билан бирга, самарали ҳаракат керак, деган фикрга келишди ва саломлар ёзилган мактубларни ер юзининг барча бурчакларига йўллашди. Улар дунёда тинчлик ўрнатиш ва кескинликни юмшатиш борасидаги курашга қаратилган ўз фикрларини ҳеч кимга мажбурлаб киритишга уринишмади. Улар фақат ўзлари мактуб йўллаган кишини кимгадир шу мазмунда салом мактуби ёзишга чорлашди, холос.
Бу ғоя 180дан ортиқ мамлакатда қўллаб-қувватланди. Шундан бери “Жаҳон саломлашиш куни“ барча ёшдаги ва касбдаги фуқаролар, йирик сиёсий арбоблар, йирик саноат магнатлари, таниқли кино ва телевидение намояндалари томонидан нишонланади. Ҳар бир халқнинг ўзига хос саломлашиш одатлари, анъаналари мавжуд. Шу билан бирга, халқаро учрашувларда давлат раҳбарларининг саломлашиш анъаналари ҳам бор. Одамлар бир-бирлари билан учрашганларида, кўришганларида ўзаро соғлиқ ва яхшилик, ишларида муваффақиятлар тилашади. Шу сабабли бугунги байрам дўстона саломлашиш нақадар муҳимлигини эслатиб турувчи яна бир кундир. Аслида одамлар ҳар куни бир-бирларига тинчлик-хотиржамлик тилаши, саломлашиши керак.
Халқимиз тили билан айтганда, »Ассалому алайкум – Сизга тинчлик тилаймиз!»
ЎзА