Совуқ кунлар бошланди дегунча аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ортади. Хонадонларни иситишда газдан мақсадсиз фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари жойларда ҳамон кузатилмоқда. Буларнинг барчаси газдан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўпайишига олиб келмоқда.
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида содир бўлган ис газидан ўткир заҳарланиш билан боғлиқ аянчли ҳолат барчамизнинг қалбимизни ларзага солди. Ушбу ҳолатнинг асосий сабаби аслида нима эди?
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида бу ҳақда тўхталиб ўтилди.
Мутасаддилар фикрига кўра, Чилонзор туманидаги ис газидан ўткир заҳарланиш ҳолатига хонадон ертўласида нотўғри ўрнатилган иситиш мосламаси сабаб бўлган. Газ ёниши учун маълум бир миқдорда ҳаво бўлиши зарур. Чилонзордаги хонадон ертўласида иситиш мосламаси (қозон) нормал ҳолатда ишлаши учун ҳаво етарлича айланмаган. Натижада сизиб чиққан газ фуқароларни ўткир заҳарлаган.
Жорий иситиш мавсумида аҳолининг ис газидан заҳарланиши билан боғлиқ қатор ҳолатлар қайд этилмоқда. Жумладан, 2018 йил 15 ноябрь куни ҳолатига кўра, республикада 31 ис газидан заҳарланиш ва газдан чақнаш билан боғлиқ фавқулодда вазият қайд этилиб, уларда 101 нафар фуқаро жабрланган. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола ва ностандарт газ мосламаларидан фойдаланиш, газ коммуникацияларига резина шланглар орқали уланиш, мўриларнинг носозлиги ҳамда шамол яхши айланмайдиган биноларни газ ускуналари ёрдамида иситиш бунга сабаб бўлаётир.
Тадбирда таъкидланганидек, ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ушбу ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш мақсадида, аввало, иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларнинг тозалигини текшириш зарур. Носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишга асло йўл қўймаслик керак.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун доим ҳушёр бўлиш, иситиш воситалари бўлган газ ва кўмирдан фойдаланишда белгиланган қоидаларга қатъий амал қилиш мақсадга мувофиқ. Шунда хавфсизлигингиз таъминланади.
Анжуман давомида тегишли идоралар томонидан ис гази сизиб чиқишини аниқлайдиган, фавқулодда ҳолатларни олдини олишга кўмаклашувчи газосигнализатор мосламасини амалиётга татбиқ этиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди. Ушбу қурилмани Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Нурилло Насриев, ЎзА