Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!
Муҳтарам дўстлар!
Қадрли Хоразм аҳли!
Авваламбор, бугун мана шундай ажойиб, шукуҳли бир кунда сиз, азизлар билан учрашиб, барчангизни кўтаринки кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман.
Сизларга, сизлар орқали кўпни кўрган, меҳнаткаш ва олижаноб Хоразм элига ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришга рухсат этгайсиз.
Бугунги кунни “ажойиб”, “шукуҳли кун” деб айтганим, албатта, бежиз эмас. Куни кеча Хоразм воҳасининг миришкор деҳқон ва фермерлари мамлакатимизда биринчи бўлиб пахта бўйича шартнома мажбуриятини бажардилар.
Сизларни фидокорона ва машаққатли меҳнат ҳисобидан 250 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этиб, мана шундай улкан ғалабани қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Ҳалол ва самарали меҳнатингиз учун сизларга, бутун Хоразм элига чуқур миннатдорчилик билдириб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ҳақиқатан ҳам, Хоразм – ўз касбининг фидойиси ва устаси бўлган асл деҳқонлар юрти экани билан ҳар қанча фахрлансак, сизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак арзийди.
Бу заминдаги оғир иқлим ва мураккаб тупроқ шароитига қарамасдан, воҳа миришкорлари барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб келмоқда. Бунинг учун одам аввало ўз юртини, ўз Ватанини севиши, унга садоқат кўрсатиб яшаши керак ва Хоразм аҳли буни ўз тарихида, ўз ҳаётида такрор ва такрор исбот этиб келмоқда, десак, айни адолатни айтган бўламиз.
Азиз дўстлар, ахир, ўзингиз ўйланг, ёзи жазирама иссиқ, қиши қаҳратон совуқ, ерлари кучли шўрланган бу ҳудудда нафақат меҳнат қилиш, балки мўл ҳосил ундириш – бу, очиқ айтиш керак, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун хоразмлик деҳқонларни бир эмас, икки марта қаҳрамон, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Шу боис ҳам мен ҳаёт синовларида тобланган, одамни, одамийликни юксак қадрлайдиган Хоразм аҳлини юрагимга яқин оламан. Сизлар билан мулоқотда бўлиб, Ватанимизнинг бугунги ва эртанги тақдири ҳақида мазмунли суҳбатлар қуришни, қандай қилсак ҳаётимиз янада обод ва фаровон бўлади, халқимиз, фарзандларимиз тинч ва осойишта, бахтли яшайди, деган масалалар бўйича фикрлашиб, маслаҳатлашишни зарур деб биламан.
Албатта, бугунги сафаримни мен анча аввал режа қилиб қўйган эдим, яъни, қани эди, биринчи бўлиб Хоразм аҳлини ғалаба билан табрикласам, деб ният қилган эдим. Нега деганда, мана шундай қутлуғ, қувончли кунда сизларнинг хурсандчилигингизга шерик бўлиб, ҳорманглар, азизларим, қадрдонларим, деб барчангизга раҳмат айтишни мен нафақат ўз бурчим, балки ўзим учун катта шараф деб биламан.
Хоразм воҳаси шундай хосиятли бир юртки, унинг ҳар қандай одамни ҳам ўзига тортадиган беқиёс сеҳри, жозибаси бор. Чунки, Хоразм деганда, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, миллий давлатчилигимизнинг тамал тоши қўйилган бетакрор бир ўлка кўз олдимизга келади.
Шахсан мен қачонки бу замин тупроғига қадам қўйсам, кўҳна тарих сирларидан огоҳ бўлгандек, кўп ҳаётий ҳикматларнинг мағзини чаққандек бўламан.
Хоразм ҳақида сўз юритганда, машҳур шоиримиз Омон Матжоннинг мустақиллигимиздан олдин ёзган бир шеъри ёдимга тушади. У киши “Нега Хоразмда тоғлар йўқ?” деган саволни қўйиб, “Хоразмнинг буюк тоғлари бор – бу Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Ферузлардир”, деб жавоб беради. Бугун биз чексиз ғурур ва ифтихор билан бу рўйхатга Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Ҳофиз Хоразмий, Сулаймон Боқирғоний сингари улуғ аждодларимизнинг қутлуғ номларини ҳам қўшиб айтишга тўла ҳақлимиз.
Айниқса, енгилмас саркарда, Ватан ҳимоячиси, миллий қаҳрамон Жалолиддин Мангубердининг она юртимиз озодлиги йўлида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонати, мана, орадан неча асрлар ўтса ҳамки, халқимиз учун буюк ибрат намунаси бўлиб келмоқда. Бор-йўғи ўттиз икки йилгина умр кўрган бу жасур баҳодирга ҳатто унинг ашаддий душмани Чингизхон ҳам тан бериб, “Қани энди, менинг ҳам Жалолиддинга ўхшаган ўғлим бўлса эди, дунёдан беармон ўтардим”, деб айтган сўзларини сизлар албатта яхши биласизлар.
Минг афсуски, биз мана шундай улуғ аждодимиз ҳақидаги тарихий ҳақиқатни ёшларимизга тўла етказаяпмиз, деб айта олмаймиз.
Мен шу йил 3 август куни ижодкор зиёлиларимиз билан бўлган учрашувда шу масалани кўтариб, жумладан, Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳар томонлама етук бадиий фильм яратиш таклифини билдирган эдим. Бу борада мамлакатимизнинг театр ва кино арбоблари билан бир қаторда хоразмлик ижодкорлар ҳам фаоллик кўрсатсалар, нур устига нур бўларди.
Айни пайтда биз улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг илмий, маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирмоқдамиз. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад Хоразмийнинг номи берилиб, унинг фаолияти янада кенгайтирилгани, шунингдек, буюк бобомиз номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилгани шулар жумласидандир.
Хабарингиз бўлса, биз Ислом ҳамкорлик ташкилотининг яқинда Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ал-Хоразмий номида ёш математикларнинг халқаро олимпиадасини ташкил этиш ва уни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси билан чиқдик.
Ўйлайманки, ушбу олимпиадани айнан алгоритм ватани бўлмиш Хоразмда, Хоразм Маъмун академиясида ўтказиш ҳар жиҳатдан тўғри бўлади.
Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздан Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётгани барчамизни қувонтиради.
Ана шундай ёшлардан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов бунга яққол мисолдир. Бу истеъдодли йигитимиз қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган.
Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар.
Ҳурматли депутатлар!
Бугунги учрашувимиздан асосий мақсад – бу ташкилий масалани кўриб чиқишдан иборат.
Шу билан бирга, Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ва уларнинг натижаси ҳақида, ечимини кутиб турган долзарб муаммолар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сизлар билан атрофлича фикр алмашиб олишимиз зарур.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча ҳудудларимиз қатори Хоразм вилоятида ҳам катта ишлар қилинмоқда.
Хоразм воҳасининг бугунги обод қиёфаси, янги уй-жойлар, замонавий бинолар, саноат корхоналари, муҳташам саройлар, равон йўллар, кенг майдон ва хиёбонлар, боғ-роғлар, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, барча соҳаларда амалга оширилаётган ишларни кўрган одам бунга тўла ишонч ҳосил қилади.
Бундай натижаларга эришишда халқ билан доимий мулоқот қилиб, одамларни ташвишга солаётган ҳаётий муаммоларни ҳал этиш алоҳида муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва барча ҳудудларимизда Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар, давлат органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашларда ҳисобот бериши бўйича жорий этилган мутлақо янги тизим ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Хоразм вилояти мисолида оладиган бўлсак, жорий йилда Халқ қабулхоналарига аҳолидан 14 мингдан зиёд мурожаат тушгани ва шундан 12 мингтаси ижобий ҳал этилганини қайд этиш лозим.
Президентнинг Виртуал қабулхонасига вилоят ҳокимлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича 16 мингта мурожаат келиб тушиб, шундан 11 минг 500 таси ёки 74 фоизи қаноатлантирилган, қолганлари бўйича тушунтириш берилган. Жумладан, иш билан таъминлаш юзасидан 1 минг 600 дан ортиқ, соғлиқни сақлаш ва пенсия тайинлаш масалалари бўйича 1 минг 400 тага яқин, моддий ёрдам олиш бўйича 900 дан зиёд мурожаатлар ижобий ҳал этилган.
Албатта, бундай мурожаатларни кўриб чиқишда баъзан тезкорлик, тажриба, амалий механизмлар етишмаслиги сезилиб қолмоқда. Биз бундай камчиликларни бартараф этиш ва мазкур тизимни янада такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттирамиз.
Қадрли сессия иштирокчилари!
Маълумки, Хоразм вилоятида барча соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича тегишли дастур ва инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди.
Ана шу қарорларни бажариш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва коммунал соҳаларда жиддий ижобий ўзгаришлар юз бермоқда.
Бу ҳақда гапирганда, аввало, Хива шаҳри ва Хива тумани чегаралари ўзгартирилиб, Хива шаҳри вилоятга бўйсунадиган шаҳарга айлантирилганини қайд этиш зарур.
Хоразм вилояти иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларга мувофиқ жорий йилнинг 9 ойи давомида 373 миллиард сўмлик инвестициялар ҳисобидан 1,5 мингга яқин ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилган ёки кенгайтирилган. Натижада 6 мингта янги иш ўрни ташкил этилган. Жумладан, Шовот туманидаги тўқимачилик қўшма корхонасида 71 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан йилига 70 миллион дона пайпоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, шиша идишлар тайёрланадиган корхонада эса 35 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилган.
Ана шу ишларнинг давоми сифатида жорий йил охирига қадар яна бир қатор ўрта ва йирик корхоналарни ишга тушириш мўлжалланмоқда. Хусусан, Қўшкўпир туманида 50 минг бош парранда хўжалиги, Хива туманида 500 тонна балиқни қайта ишлаш корхонаси ва 1000 тонналик холодильник, Боғот туманида ҳам шундай холодильник ишга туширилади. Урганч шаҳрида 250 минг тонна маиший чиқиндини қайта ишлаш бўйича корхона барпо этилмоқда.
Вилоят иқтисодиётини ривожлантиришнинг қўшимча резервларини аниқлаш ва ишга тушириш мақсадида охирги бир ҳафта мобайнида тегишли вазирлик ва компаниялар раҳбарлари Хоразмга келиб, янги лойиҳалар устида иш олиб боришганидан сизлар хабардорсиз, деб ўйлайман. Бунинг натижасида 2018-2019 йилларда Хоразм вилоятида умумий қиймати 716 миллион доллар бўлган 1 минг 500 га яқин лойиҳани амалга ошириш ва 16 мингта янги иш ўрни яратишга мўлжалланган дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шундан қиймати 450 миллион доллар бўлган 478 та лойиҳа ташаббускорларнинг ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади.
Иқтисодиёт вазирлиги (Г.Саидова), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.Аҳмадхўжаев), Хоразм вилояти ҳокимлиги хўжалик бирлашмалари билан биргаликда, йигирма кун муддатда мана шу лойиҳаларнинг параметрлари, молиялаштириш манбалари, ташаббускор-инвесторлари ва амалга ошириш муддатларини аниқ белгилаган ҳолда, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Айни вақтда халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш ҳисобидан амалга ошириладиган йирик лойиҳалар сони вилоятдаги мавжуд салоҳиятга нисбатан жуда кам эканини тан олишимиз керак. Хусусан, вилоятда жорий йилда Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан қиймати 6,7 миллион долларлик 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Буни албатта қониқарли деб бўлмайди.
Шунинг учун, биринчидан, агентлик (Н.Нажимов) ва Марказий банк (Т.Ишметов) давлат томонидан жалб этилаётган хорижий сармояларни тез ва самарали ишлатиш борасидаги тизимни танқидий ўрганиб чиқиб, барча сунъий тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўрсин.
Иккинчидан, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.Аҳмадхўжаев), Агентлик (Н.Нажимов) Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича камида 100 миллион долларлик махсус хорижий кредитларни жалб этиш чораларини кўрсин.
Ана шу лойиҳаларни амалга оширишда биз тадбиркорларга нафақат катта умид боғлаяпмиз, балки ушбу соҳада мисли кўрилмаган янги имконият ва имтиёзлар яратиб бердик ва бу сиёсатни изчил давом эттиришга тайёрмиз.
Бу ишларни янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида 2018 йилни Хоразм вилояти учун “Тадбиркорликни тубдан ривожлантириш ва инвестициялар йили” деб эълон қилсак, нима дейсизлар?
Шу муносабат билан Хоразм вилояти ва туманлар ҳокимларининг иқтисодиёт бўйича ўринбосарларининг иш услубини ўзгартириш керак.
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Ш.Содиқов) Иқтисодиёт вазирлиги (Г.Саидова), Ташқи савдо вазирлиги (Э.Ғаниев), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.Аҳмадхўжаев) билан биргаликда, ўн кун муддатда Хоразм вилоятида тадбиркорликни ва инвестицияларни жалб этиш борасидаги ишларни тубдан такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.
Вилоят ва туман ҳокимларининг иқтисодиёт бўйича ўринбосарлари ўзларининг зиммасидаги асосий вазифалардан ташқари тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш масаласи билан бевосита шуғулланади. Бу ўзига хос Хоразм тажрибаси бўлади.
Юқорида номлари зикр этилган тўртта вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари вилоят ва туманлар ҳокимларининг иқтисодиёт бўйича ўринбосарлари билан бирга, чет мамлакатлардаги элчиларимизни жалб этган ҳолда, 1 йилда 15-20 миллион доллар миқдорида инвестициялар олиб келиш учун шахсан масъул этиб белгиланади.
Бунинг учун бизда барча асослар мавжуд: аввало, иқтисодиётни эркинлаштириш ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш бўйича мамлакатимизда жуда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, жорий йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларга чек қўйилди.
Миллий валютамизни эркин конвертация қилиш масаласи ҳал этилди, валютани мажбурий сотиш тартиби бекор қилинди.
Айни вақтда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини лицензиялаш, рухсат бериш ва тартибга солиш билан боғлиқ турли қоидаларни кескин қисқартиришимиз керак.
Солиқ ва мажбурий тўловлар сонини камайтириш, уларни қўллаш тартибини кескин соддалаштириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – барча бўғиндаги давлат идораларининг биринчи галдаги вазифасига айланиши зарур.
Содда қилиб айтганда, битта бўлса ҳам янги иш ўрни яратган тадбиркорларни бошимизга кўтарадиган, уларга “сиз” деб мурожаат қиладиган вақт келди. Бу – бугунги куннинг энг муҳим талаби, керак бўлса, янги даврнинг қонуни.
Бунга амал қилмас эканмиз, яна ҳамма нарса эски ҳаммом, эски тос бўлиб қолаверади. Ҳаётимизда ҳеч қандай ўзгариш ва ривожланиш бўлмайди.
Тадбиркорлик ва яна бир бор тадбиркорлик, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорида ўз ўрнимизни эгаллаш – мана, бизнинг йўлимиз.
Бизнинг бундан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Дунёдаги барча ривожланган давлатлар фақат мана шу йўл орқали эркин ва фаровон ҳаётга эришганини унутмаслигимиз керак.
Муҳтарам юртдошлар!
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, бу йилги жуда ноқулай об-ҳаво шароитида машаққатли меҳнат қилган миришкор фермерлар жорий йилда барча экинлардан юқори ҳосил етиштиришга эришдилар. Масалан, вилоят деҳқонлари давлатга ғалла сотиш бўйича шартнома мажбуриятини мамлакатимизда биринчи бўлиб бажариб, режадагидан 17 фоиз кўп ҳосил олдилар. Хусусан, Хонқа туманидаги “Мадир Хонқа”, Ҳазорасп туманидаги “Юсуф ўғли Бобур”, Гурлан туманидаги “Ислом Таганов”, “Севинчбек Ихлосбек” фермер хўжаликлари гектаридан 85-90 центнердан ғалла хирмони кўтарганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Пахтачилик соҳасида, айниқса, Янгиариқ туманидаги “Қаландар инженер”, Хонқа туманидаги “Шерзод Отаниёзов”, Боғот туманидаги “Ёқуб бобо ўғли Омон”, “Холмурод ўғли Мансур”, Қўшкўпир туманидаги “Муаттар” фермер хўжаликлари гектаридан ўртача 45-55 центнердан пахта ҳосилиетиштиргани таҳсинга сазовордир.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда шартномада белгиланган 238 минг тонна пахта хомашёси юқори навларга сотилган бўлиб, қарийб 427 миллиард сўм даромад, 16 миллиард сўм фойда олиниши кутилмоқда.
Шунга қарамасдан, вилоятдаги 293 та фермер хўжалиги режани бажармаган. Бу – 6672 тонна пахта ана шу фермер хўжаликлари томонидан етказиб берилмаганини билдиради.
Мутахассислар томонидан олиб борилган ҳисоб-китоблар далаларда яна 31 минг тоннадан ортиқ пахта териб олиш имконияти борлигини кўрсатмоқда.
Агар ана шу пахта териб олинганида қўшимча равишда 53 миллиард сўм даромад олиниши ва бундан жами фойда миқдори қарийб 55 миллиард сўмга етиши ҳисоблаб чиқилди.
Энг асосийси, ана шу 31 минг тонна пахтадан вилоят аҳолиси 18,6 миллиард сўм терим пули олиб, ўз моддий шароитини яхшилаб олиши учун имкон яратилади. Шунинг учун биз пешона тери билан етиштирилган шунча бойликни нобуд қилмасдан, йиғиб-териб олсак, бундан давлат ҳам, халқимиз ҳам наф кўради.
Қишлоқ хўжалиги ҳақида сўз борар экан, бугунги кундаги энг муҳим вазифамиз – одамларни кўпроқ даромад топишга ва шу асосда яхши яшашга ўргатиш, бунинг учун зарур шароитлар яратиб беришдан иборатдир.
Бу борада айниқса “Томорқа – қўшимча даромад манбаи” деган шиорни барча ер эгаларининг онгига сингдиришимиз зарур. Бу – халқимизни бой қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим омилидир.
Шу ўринда томорқадан унумли фойдаланиш, айниқса, кам таъминланган оилаларнинг даромадини кўпайтиришга кўмаклашиш бўйича биз Хонқа туманида бошлаган бир тажрибани мисол қилиб келтирмоқчиман.
Бу тумандаги ўнлаб кам таъминланган оилаларга тадбиркорларни бириктириб қўйдик.
Тадбиркорларнинг маблағи ҳисобидан кам таъминланган оилаларнинг томорқасига юқори даромад келтирадиган экинлар экишни ва етиштирилган ҳосил тадбиркорлар томонидан сотиб олинишини ташкил этдик. Бу ишлар чорва ва парранда етиштириш бўйича ҳам йўлга қўйилди.
Айтиш керакки, бундай ишлардан тадбиркорлар ҳам, кам таъминланган оилалар ҳам рози бўлмоқда. Одамларнинг розилиги – бу энг катта натижа! “Хонқа тажрибаси” деб ном олган бу усулни биз барча ҳудудларимизда жорий этиш чораларини кўрмоқдамиз.
Яна бир муҳим янгилик – ердан самарали фойдаланиш мақсадида бу йил Хоразм вилоятида ғалладан бўшаган 33 минг гектардан зиёд майдонга такрорий экинлар экилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йил вилоятда шоли, сабзавот, карам, картошка, мош каби такрорий экинлардан жами 170 минг тонна маҳсулот олиниши кутилмоқда.
Вилоятда фермер хўжаликларининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида Тошсоқа магистрал суғориш каналлари тизими реконструкция қилинмоқда. Ушбу лойиҳа 2018 йилда тўлиқ якунланади ва 191 минг гектардан ортиқ ер сув билан кафолатли таъминланади.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
Хоразм воҳаси учун аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш нақадар долзарб эканини барчамиз яхши тушунамиз. Йил бошида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Давлат дастурига асосан махсус жамғарма ташкил этилган эди. Жамғарма ҳисобидан шу йил вилоят учун жами 63 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Шундан ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 24 миллиард сўм, аҳоли дам олиш масканларини ташкил этиш учун 18 миллиард сўм йўналтирилди. Келгуси йилда бу ишлар учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Вилоятнинг замонавий йўл-коммуникация соҳасидаги салоҳиятини ошириш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, умумий узунлиги 335 километр бўлган “Бухоро – Мискин” темир йўли барпо этилиши билан йўловчиларнинг вақтини 4-5 соатга тежашга эришилди.
Келгуси йилдан бошлаб Тошкент – Хива йўналиши бўйича “Афросиёб” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади. Бу нафақат маҳаллий аҳолининг узоғини яқин қилади, айни вақтда вилоятда биз учун устувор вазифа бўлган туризм салоҳиятини ривожлантиришга катта замин яратади.
Бу ҳақда гапирганда, 2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланганини таъкидлаш лозим.
Вилоятга туристлар оқимини кўпайтириш учун темир йўл ва ҳаво транспортидан фойдаланишда 15 фоизгача чегирмалар жорий этилди.
Бугунги кунда Хивада катта сайёҳлик комплекси қурилаётгани, тарихий Нуруллабой саройида бадиий галерея, қабуллар уйи, амфитеатр, ҳунармандлар маркази, миллий ошхона шохобчалари барпо этилаётганидан сизлар албатта хабардорсиз.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда Хива шаҳрида яна 18 та меҳмонхона қуриш ва реконструкция қилиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.Аҳмадхўжаев), Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Б.Зокиров) билан биргаликда Хива шаҳрида энг замонавий дам олиш ва истироҳат боғи барпо этиш, у ерда замонавий аттракционлар ўрнатиш, миллий меъморий услубда меҳмонхоналар қуриш бўйича бир ҳафта муддатда тегишли лойиҳани ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритсин.
Юқорида айтиб ўтганимдек, Хивада шаҳар ҳокимлиги қайта тикланди. Энди ҳокимликнинг мутасаддилари Хитойга, мусулмон давлатларига бориб, туристлар сонини кўпайтириш чора-тадбирларини кўриши зарур.
Агар жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятга 35 мингдан зиёд сайёҳ келган бўлса, бу рақамни келгусида 50 мингга етказиш лозим.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Абдуҳакимов), “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси (У.Розиқулов) вилоят ва Хива шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Хоразмга келадиган туристлар сонини ошириш бўйича махсус график тузиб, унинг ижросини таъминлаш чораларини кўрсин.
Азиз дўстлар!
Биз учун энг катта бойлик бўлган аҳолининг соғлиғини сақлаш борасида Хоразм вилоятида ҳам илгари ҳеч қачон бўлмаган ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, воҳада янги ташкил этилган 65 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 18 та қишлоқ врачлик пункти бу йўлда муҳим қадам бўлди.
Айниқса, шаҳар ва туманларда 18 та ихтисослаштирилган бўлим очилгани йилига 13 мингдан ортиқ беморга яшаш жойининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг мутахассислари Хоразм вилоятига келиб, қарийб 2800 беморни тиббий кўрикдан ўтказди.
Бундан ташқари, хориждаги нуфузли клиникалардан ўнлаб етакчи мутахассислар вилоятга таклиф қилиниб, улар иштирокида мураккаб операциялар бажарилгани кўплаб беморларнинг дардига шифо берди. Жумладан, россиялик машҳур кардиохирург, академик Лео Бокерия иштирокида юрак нуқсонларини бартараф қилиш бўйича ўтказилган операциялар хоразмлик жарроҳлар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Вилоят Кардиология марказида биринчи марта оғир юрак нуқсонини бартараф этиш бўйича операциялар, юрак қон томирларини шунтлаш ва бошқа мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилди.
Вилоятдаги тез тиббий ёрдам шохобчалари қўшимча равишда 78 та автомашина билан таъминланди.
Натижада чақирилган жойга тез тиббий ёрдам бригадасининг етиб бориш вақти 2 баробар қисқарди.
Ҳазорасп, Янгиариқ, Шовот, Хива туманлари тиббиёт бирлашмалари, Урганч туманидаги қишлоқ оилавий поликлиникасида қурилиш ишлари якунланди.
Республика кардиология марказининг Хоразм филиали ва Урганч шаҳридаги кўп тармоқли ҳудудий клиника объектларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Эришилган бундай натижалар албатта ўз олдимизга қўйган катта ишларнинг бошланиши, холос. Воҳадаги мураккаб экологик вазиятни инобатга олиб, биз 2018 йилда Хоразм вилоятини намунали тиббий хизмат кўрсатиладиган ҳудудга айлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Хоразм вилояти ҳокимлиги, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали (Р.Рўзибоев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов) вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан бирга ҳар бир шаҳар ва туманни қамраб олган Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори лойиҳасини тайёрлаши керак.
Мазкур қарорга биноан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов аҳолини патронаж хизмати билан тўлиқ ва сифатли қамраб олиш, бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, скрининг марказларининг моддий-техник базаси ва реагентларга бўлган эҳтиёжини тўла молиялаштириш, Хивадаги “Мурувват” ногирон эркаклар уйининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича масъул этиб белгиланиши зарур.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
Бугунги кунда ёш авлод тарбияси, уларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш масаласи дунё миқёсида энг ўткир муаммолардан бирига айланмоқда. Турли халқаро минбарларда, нуфузли анжуманларда бу ҳақда кўп гаплар айтилмоқда. Лекин, афсуски, амалий ишлар кам. Биз яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бу борадаги ўз позициямизни аниқ баён қилдик.
Ўзингиз тасаввур қилинг, азиз дўстлар, бугунги дунё ёшлари сон жиҳатидан энг катта авлод бўлиб, улар 2 миллиардни ташкил этмоқда. Жаҳон тарихида илгари ҳеч қачон бундай бўлмаган. Бу – жуда катта кучдир. Лекин ана шу қудратли куч тўғри йўлга солинмаса, ёшларнинг энг муҳим талаб ва эҳтиёжлари ҳисобга олинмаса, улар ҳаётда ўз ўрнини топмаса, қани, айтинглар, нима бўлади? Ҳозирги кунда экстремизм ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Бундай ёшлар қаердан пайдо бўлмоқда? Улар билим ва касб-ҳунар эгаллаш, ишлаш, уйли-жойли бўлиш имкониятидан маҳрум бўлган, норози, аламзада ёшлар орасидан чиқмоқда.
Агар Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, республикамиз аҳолисининг 58,8 фоизини, Хоразм вилояти аҳолисининг эса 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этмоқда.
Агар бу рақамларга жиддий эътибор бериб, уларнинг мағзини чақадиган бўлсак, олдимизда қандай улкан ва мураккаб вазифалар тургани аён бўлади.
Айни шу вазифаларни ҳисобга олиб, мамлакатимизда ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб ўсиб-улғайиши, билим ва ҳунар эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши, ўз қобилиятига яраша иш ўрнига эга бўлишини таъминлаш учун “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бу масала алоҳида устувор вазифа сифатида етакчи ўринга қўйилган.
Биз бу йўналишда кейинги пайтда катта ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта. Жумладан, фарзандларимизнинг хоҳиш ва истаклари эътиборга олиниб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Навқирон ўғил-қизларимизга ўз бизнесини бошлаши, уй-жойга эга бўлиши учун имтиёзли кредитлар ажратиш, уларнинг эзгу интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди.
Бу йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида ўн бир йиллик таълим қайта тикланди. Олий ўқув юртларига қабул квоталари оширилди, 16 та олий таълим муассасасида сиртқи ва кечки бўлимлар ташкил қилинди.
Биз алоҳида эътибор қаратаётган яна бир масала – бу ёшларимиз учун муносиб иш ўринлари яратишдан иборат.
Хоразм вилоятида жорий йилнинг ўзида қарийб 42 мингта янги иш ўрни очилганини шу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг дастлабки натижаси сифатида қабул қилишимиз керак.
Шулар қаторида Урганч шаҳрида 32 та ёш оила имтиёзли асосда берилган янги хонадонларга кўчиб ўтгани, “Ёшлар маркази” биноси фойдаланишга топширилиб, 4 мингдан зиёд китоб фондига эга бўлган ахборот-ресурс маркази ташкил этилганини таъкидлаш ўринлидир.
Ёшларимиз манфаати билан боғлиқ яна бир муҳим масала ҳақида юқорида зикр этилган ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувда алоҳида тўхталган эдик.
Яъни илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳасидаги истеъдодли ва истиқболли ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли раҳбарларга аниқ топшириқлар берилган эди.
Бугун сиз, ҳурматли вилоят ва туман раҳбарларидан сўрамоқчиман, ҳар бирингиз ўз ҳудудингизда шу масалада нима иш қилдингиз?
Такрор айтаман, биз ёшлар тарбиясида хотиржамликка берилмасдан, бошлаган ишларимизни янада изчил давом эттиришимиз лозим. Ёшлар сиёсати масаласи бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қ.Қуранбоев манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан биргаликда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.
Биринчидан, хорижий давлатларда ишлаб юрган ёшларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ишларни тизимли ташкил этиш лозим.
Иккинчидан, уюшмаган ёшлар билан ишлашни кучайтириш учун давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги ва масъулиятини янада ошириш керак.
Учинчидан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида уларни спортга кенг жалб этиш, чекка ҳудудларда спорт майдонлари барпо этишни ташкил қилиш лозим.
Тўртинчидан, таълим муассасаларида билим олиш сифати ва самарадорлигини оширишга, давоматни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратиш, ёшлар ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш зарур.
Сизларга яхши маълум, кейинги пайтда мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга катта аҳамият берилмоқда. Мазкур масала барча ҳудудларимиз қатори Хоразм вилояти учун ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга экани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.
Бу борада олиб бораётган ишларимизга танқидий баҳо берадиган бўлсак, очиқ тан олишимиз керак, диний эътиқод масаласида адашганларни тўғри йўлга солиш борасида ҳали ҳам камчиликлар бор. Бу масалага фақат ҳокимият, ички ишлар, диний идора жавобгар, деган гап – бу нотўғри. Ёшлар билан ишлаш ҳаммамизнинг ишимиз бўлиши керак. Ота-боболаримиз “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолга амал қилиб, кам бўлишмаган.
Йўлдан адашганларни фақат рўйхатдан чиқариш билан иш битмайди. Уларга амалий ёрдам бериш, муносиб иш топиб бериш, арзон кредитлар ва уй-жойлар билан таъминлаш лозим. Бундай одамларни соғлом ҳаётга қайтариш масаласида ўта нозиклик билан, илм билан, маърифат билан, аввало, шахсий намуна кўрсатиб ишлаш керак. Чунки улар ҳам Ўзбекистон фуқароси. Айни вақтда улар ҳам Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, масъулият ва мажбурияти ҳам борлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги зарур.
Мен 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасида диний уламоларимиз билан бўлган учрашувда бошқа кўпгина масалалар қаторида ҳаж сафарини ташкил этиш бўйича ҳам фикр билдирган эдим.
Менимча, ҳаж зиёрати нафақат ибодат, балки аввало катта бир масъулиятдир. Бундай улуғ зиёратнинг шукронаси ҳам бўлиши керак. Мен йўлдан адашганларни тарбиялаш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда фаоллик кўрсатганларни биринчи навбатда ҳажга юбориш лозим, деб айтганимда жуда кўп нарсаларни назарда тутган эдим. Яъни бунинг маъноси кенг.
Дейлик, ҳажга бормоқчи бўлган одам аввало ўз маҳалласи, ўз қишлоғидаги савоб ишларга ҳисса қўшса, мактабда, лицей-коллежда ёшлар билан учрашиб, тарбиявий суҳбатлар ўтказса, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида маслаҳат ва кўмагини аямаса, жамиятимиздаги муҳитни, аҳолининг дунёқарашини ўзгартиришга жуда катта хизмат қилган бўларди.
Барчамизга маълумки, ҳаж сафари – бу мусулмончиликнинг бешинчи фарзи. Бу фарзни адо этиш учун одам авваламбор олдинги тўртта фарзни тўла бажарган бўлиши керак. Ўзининг хулқи-одоби, ҳалол-поклиги, одамларга меҳр-оқибати билан эл-юрт ҳурматини қозониши лозим.
Ҳажга борган одам зиёрат давомида аввало ўзининг, ўз халқининг маданиятини кўрсатиши керак. Токи, мана, қаранглар, бу инсон Имом Бухорий ватандоши экан, деб бошқалар унга ҳавас қилсин. Юртимизга қайтиб келганидан кейин ҳам юриш-туриши, маданияти билан ҳаммага ўрнак бўлиши, маънавиятимиз тарғиботчиси бўлиши керак.
Ҳажга фақат пулдорлар ёки таниш-билиши борлар боради, деган тасаввурни бутунлай ўзгартириш вақти келди. Хоразм вилоятида ҳам ҳажга борадиганлар рўйхатини шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш лозим. Бу масалада ҳам адолат ўрнатиш зарур.
Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жиддий ўйлаб, бир қарорга келса, нур устига нур бўларди.
Муҳтарам дўстлар!
Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш – бугунги кунда энг муҳим вазифадир.
Вилоятда бу соҳага кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, маҳаллаларда 431 та жамоатчилик назорати масканлари тузилган.
Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган қарийб 1800 нафар шахс билан амалий иш олиб борилгани натижасида уларнинг 655 нафари соғлом турмуш тарзига қайтарилган.
Бугунги кунда 368 нафар профилактика инспекторининг 120 нафарига уй-жойлар ва автотранспорт воситалари тантанали равишда топширилди.
Табиийки, амалга оширилаётган бундай тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Масалан, вилоятда 702 та очилмай қолган жиноят фош этилган, қочиб юрган 211 нафар жиноятчи ушланган. Содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ёки 316 тага камайган.
Айниқса, охирги икки ойда жиноят содир этиш ҳолатлари қарийб 4 баробар камайгани эътиборга лойиқ. Энг муҳими, вилоятда 198 та маҳаллада мутлақо жиноят содир этилмаган.
Мана шундай натижаларга эришишда ўзини аямасдан, сидқидилдан хизмат қилиб келаётган барча юртдошларимизга чин қалбимдан миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз. Демак, бир ёқадан бош чиқариб, қаттиқ ишласак, кўп нарсага эришишимиз мумкин экан.
Айни вақтда бу натижалар билан чекланмасдан, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.
Биз Хоразм вилоятини жиноятлардан бутунлай холи ҳудудга айлантириб, бу борада Хоразм тажрибасини яратсак, нима дейсизлар?
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ой муддатда Хоразм вилоятида “Хавфсиз ҳудуд концепцияси”ни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши зарур.
Биз учун янгилик бўлган бу муҳим лойиҳани нафақат шаҳарларимиз, балки туманларимизда ҳам самарали амалга ошириш учун айрим долзарб масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчидан, туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари тузилмасини танқидий қайта кўриб чиқиб, ходимларнинг асосий қисми посёлка ва қишлоқ аҳоли пунктларига яқин жойларда фаолият юритишини таъминлашимиз керак.
Бу масала бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси О.Муродов Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ой муддатда Урганч шаҳри ва Қўшкўпир тумани ички ишлар бўлимлари тузилмаси ҳамда шахсий таркибини тубдан қайта кўриб чиқиб, тажриба тариқасида мавжуд хизматларнинг фаолиятини бевосита жойларда ташкил этишга доир таклифлар киритсин.
Иккинчидан, ҳар ойда профилактика инспекторлари ва маҳалла раислари кўчама-кўча юриб, фуқаролар билан учрашиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот бериб бориши керак.
Президентнинг давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), “Маҳалла” фонди (Ш.Жавлонов) Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ой муддатда профилактика инспекторлари ва маҳалла раисларининг ҳисобот бериш тизимини жорий этсин.
Профилактика инспекторлари бундан буён ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили сифатида ўз ишини ташкил этиши керак. Улар ўз ҳисоботини ана шу тамойилдан келиб чиққан ҳолда тақдим этиши шарт. Бу мутлақо янги тизим бўлиб, унинг замирида чуқур маъно бор. Профилактика инспектори авваламбор маҳалланинг манфаатини биринчи ўринга қўйиши лозим.
Учинчидан, ўзига бириктирилган ҳудудда жиноят бўлмаслигини таъминлаётган профилактика инспектори ва аксинча – ўз ҳудудида жиноят содир этилишига йўл қўйган профилактика инспектори бир хил миқдорда маош олиши адолатдан эмас, деб ҳисоблайман.
Шунинг учун Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), “Маҳалла” фонди (Ш.Жавлонов) Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, бир ҳафта муддатда ўз ҳудудида яшайдиган фуқаролар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўймаган маҳалла раиси ва профилактика инспекторига ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида мукофот пули бериш ва, аксинча, жиноят содир этишга йўл қўйилган тақдирда эса уларга нисбатан ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўллашни назарда тутадиган тартибни ишлаб чиқсин ва амалга татбиқ этсин.
Тўртинчидан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жамоат жойлари ва аҳоли турар жойларида кузатув камералари ўрнатилишини ташкил этиш керак.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда, бир ой муддатда ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жамоат жойларида кузатув камераларини ўрнатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Бешинчидан, Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2017 йил 1 декабрга қадар Хоразм вилоятида ички ишлар органлари профилактика инспекторларига уй-жойлар ва автотранспорт воситалари топшириш ишларини якунига етказсин.
Муҳтарам депутатлар!
Биз Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича эришилаётган натижаларга қисқача тўхталиб ўтдик, холос. Лекин ана шу таҳлилнинг ўзиёқ Хоразм вилоятида барча соҳаларда катта ўзгаришлар юз бераётганини кўрсатмоқда.
Албатта, бундай натижаларга эришишда 2012 йилдан буён вилоятга раҳбарлик қилиб келган Пўлат Раззоқович Бобожоновнинг муносиб ҳиссаси борлигини барчамиз яхши биламиз.
Бу раҳбар берилган топшириқларни ўз вақтида масъулият билан бажариши, эл-юрт манфаати учун жон куйдириши, ташаббускорлик ва талабчанлик фазилатлари сабабли вилоятда обрў-эътибор қозонди.
Ана шундай раҳбарлик салоҳиятини ҳисобга олиб, П.Бобожоновни янада масъулиятли вазифага – ички ишлар вазири лавозимига тайинладик.
Шу муносабат билан бугунги сессияда ташкилий масала, яъни Хоразм вилоятига янги ҳоким тайинлаш масаласини кўриб чиқишимиз керак.
Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги сиёсий партиялар гуруҳлари билан, вилоят фаоллари ва оқсоқоллари билан маслаҳатлашган ҳолда, мен катта тажрибага эга бўлган, бир неча йиллар давомида юқори лавозимларда ишлаган, бугунги кунда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Илгизар Матяқубович Собиров номзодини вилоят ҳокими лавозимигатавсия этаман.
И.Собиров 1959 йилда туғилган. Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси, Тошкент юридик институти, Олий суд, Олий хўжалик суди, Президент девонида масъул лавозимларда ишлаган. Қўшкўпир тумани ҳокими, Олий Мажлис Сенати Раиси, Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган, 2017 йил февраль ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилояти Халқ қабулхонаси мудири вазифасини бажариб келган.
Илгизар Собиров Хоразм вилоятининг шароитини, унинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини, бу ердаги раҳбарларни яқиндан билади.
Ишончим комил, меҳнаткаш, азму шижоатли Хоразм эли вилоятнинг янги раҳбари атрофида жипслашиб, Хоразм воҳасини янада равнақ топтириш йўлида катта ижобий натижаларга албатта эришади.
Сўзимнинг охирида сизларга, сизлар орқали мард ва олижаноб Хоразм аҳлига сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.