Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида“ги конвенцияси ижросига бағишланган давра суҳбати ташкил этди.
Унда тегишли вазирлик, идоралар, хотин-қизлар жамоат тузилмалари мутасаддилари ва халқаро ташкилотлардан вакиллар иштирок этди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маъруфова, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси К.Аллан, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Ф.Караханов, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг мамлакатимиздаги вакили ўринбосари К.Иномхўжаев, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази директори Д.Қобулова ва бошқалар Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида яратилган миллий қонунчилик халқаро меъёрий ҳужжатларга уйғун эканини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирда БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида“ги конвенцияси қоидаларини бажаришга оид ишлар сарҳисоби атрофлича муҳокама қилинди.
Юртимизда хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини давр руҳига монанд такомиллаштириш, оилаларни мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Ўтган икки йил Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятида ҳам туб ижобий бурилиш даври бўлди, дейиш мумкин. Маҳаллалардан бошлаб барча тузилмаларда вертикал тарзда хотин-қизлар билан ишлашга оид амалий чора-тадбирлар давр руҳига мос тарзда олиб борилмоқда.
Оилаларга кириш, хонадонма-хонадон юриш амалиётининг кенг жорий этилиши натижасида аёлларни ўйлантираётган долзарб муаммоларга тез, ўз вақтида, оқилона ечим топилмоқда. Жойларда Аёллар ижтимоий реабилитация марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш, сифат жиҳатдан яхши натижаларга эришишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шикоят ва мурожаатлар билан таҳлилий ишлаш механизми йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси маҳаллаларда оилаларга, хотин-қизларга эътиборни тобора кучайтириш, опа-сингилларимизнинг билиб-билмай жиноят кўчасига киришининг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Давра суҳбатида хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича тавсияларнинг бажарилиши юзасидан экспертларнинг хулосаси ҳамда Миллий ҳаракатлар режасининг асосий натижалари тингланди. Миллий ҳаракатлар режасининг амалга оширилишида юзага келган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Уларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.
Н.Усмонова, М.Амин (сурат), ЎзА