Болангиз боғчага бораман, деб йиғласин

Биз, катта авлод вакиллари ўз болалигимизни эслаганда, кўпинча боғчага боришда эмас, қайтишда кўпроқ хурсанд бўлганимиз ёдга тушади. Бугунги ёш авлод аксинча, боғчага ошиқади. Албатта, замонавий, вақтни қувноқ ўтказиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган боғчага кимнинг ҳам боргиси келмайди, дейсиз. Қувонарлиси, кундан-кун кўпайиб бораётган бундай муассасалар олис ва чекка қишлоқларда ҳам бунёд этилаётир.
Жиззах вилояти Зарбдор тумани Шодлик маҳалласидаги “Оқ қайин” мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар сони бундан икки йил олдингига нисбатан икки баробар кўпайган. Бунга боғчанинг тўлиқ таъмирланиб, шароитлари яхшилангани сабаб бўлди.
– Боғчада 548 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди муассаса мудираси Муҳаббат Очилова. – Ҳозир бешта асосий ва битта қисқа муддатли гуруҳда 130 нафар бола тарбияланмоқда. Таъмирлаш давомида хоналар, ўйин майдончалари, ошхона замонавий жиҳозланиб, зарур буюмлар, ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланди. Шунинг учун боласини бизнинг боғчага беришни истовчи ота-оналар кўп. Муассаса ота-оналар ишончи ва болалар меҳрини қозониш учун яхши шароит билан бирга, тарбиячилар, энагалар ҳам билимли, малакали бўлиши керак. Бизнинг муассасада айнан шу талабга жавоб берадиган жамоа шакллантирилган. 9 нафар тарбиячидан 5 нафари олий маълумотли, катта тажрибага эга педагоглар. Ўрта махсус маълумотли тўрт нафар тарбиячи ҳам педагогика йўналишида олий таълим муассасаларида сиртдан таҳсил олаётир.
Туманда ҳозир 13 давлат, 2 оилавий ва 1 давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларга ҳудуддаги мактабгача таълим ёшида бўлган 8 минг 940 нафардан зиёд боланинг 1 минг 850 нафарга яқини қамраб олинган.
– Бугунги кунда ҳудудда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 21 фоиз, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Мўътабар Қобилова. – Бу аввалги йилларга нисбатан юқори бўлса-да, бугунги кун талаблари даражасида эмас. Айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги ортаётган пайтда 74 нафаргина бола нодавлат ва оилавий мактабгача таълим муассасасига бораётгани ҳеч кимни қаноатлантирмайди. Шунинг учун туманимизда мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга энг муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритадиган мактабгача таълим муассасалари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда туманда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаси қурмоқчи бўлган тадбиркорларга истисно тариқасида танлов савдоларисиз давлат-хусусий шериклик битимини имзолашга рухсат берилди. Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамда тадбиркорлар ўртасида шартнома имзоланди.
Туман ҳокимининг қарори билан Тинчлик маҳалласида 100 ўринли “Мироншох-Амиршоҳ”, Тошкесган қишлоғида 100 ўринли “Ситора таълим”, Наврўз маҳалласида бирданига иккита – 125 ўринли “Келажак гулшанлари”, 100 ўринли “CLEAR SKY” хусусий мактабгача таълим муассасаси барпо этиш учун ер майдони ва имтиёзли кредит ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳар бир маҳалланинг, қишлоқнинг ўз боғчаси, баъзиларида эса ҳатто 2 тадан шундай муассаса бўлиши икки йил илгари ҳам ушалмас орзудек эди. Аммо, бугун марказдан анча олис ҳудудларда, масалан, Зарбдор туманининг Наврўз каби қишлоқларида бу амалда рўй бераётир. Боғчанинг кўпайиши рақобатни юзага келтириши, ота-оналарда эса танлаш имкониятини ошириши табиий.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА