Хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистонда аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш учун нималар қилмоқда?

“City Palace“ меҳмонхонасида БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида“ги Конвенцияси (CEDAW) бўйича қўмитанинг тавсиялари бажарилиши юзасидан давра суҳбатида Танзила Норбоева Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг амалга оширган ишлари бўйича маъруза қилди. 
У ўз маърузасида юртимизда аёлларнинг сиёсий фаоллиги бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтди. Унга кўра, эндиликда аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
“Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раҳбариятида фаолият юритган Гулноза Раҳимова бугун Марказий сайлов комиссиясида ишламоқда. У мен билан юртимиз бўйлаб кўпгина йиғилишларда иштирок этган ва жойларда муаммоларни ўрганишда бирга иштирок этган. Айтмоқчи бўлганим, у жойлардаги вазиятни яхши билади. Хотин-қизлар қўмитаси, жамиятимиздаги аёллар муаммолари бўйича яхши тажрибага эга. Шунинг учун мен уни Марказий сайлов комиссиясига ишга ўтганидан хурсандман. Биз аёлларни сиёсий фаоллигини ошириш бўйича Гулноза Раҳимова ва МСК билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Тез орада МСК билан меморандум имзолаймиз. Аёлларни сайловга тайёрлаш, уларни ўқитишни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз”, дейди Танзила Норбоева ўз маърузасида.​​

 

ЎзА