Картошка аҳоли эҳтиёжига етарлими?

Мамлакатимизда етиштирилаётган картошка аҳолининг истеъмол талабини қондириш учун етарли эмас. Ҳар йили 12-15 минг тонна картошка уруғи хориждан келтирилади. Бу картошка етиштиришга оид илғор технологияларни амалиётга жорий этиш, нав танлаш, картошка уруғчилиги бўйича логистика яратиш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришни тақозо этади.
Андижон вилояти Олтинкўл туманида Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда шу ҳақда маълумот берилди.
Картошкачиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, картошка уруғини сақлашга мўлжалланган музлатгич омборхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали олимлари ва талабалар иштирок этган тадбирда мазкур лойиҳа доирасида вилоятда картошка етиштириш, сақлаш, соҳага илғор тажрибаларни жорий этиш, картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижалари муҳокама қилинди.
Германия, Франция, Италия ва болгариялик мутахассислар иштирокида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида жорий йил февраль ойида Франциядан келтирилган турли навдаги картошка уруғлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, Андижон илмий-тажриба станцияси, Жалақудуқ туманидаги “Тоҳиржонов Умиджон”, Булоқбоши туманидаги “Экоагроплюс” фермер хўжаликлари далаларида синовдан ўтказилди.
Олтинкўл туманида “Инновацион агросервис” картошкачилик кооперативи ташкил қилиниб, унинг базасида картошка уруғини сақлашга мўлжалланган 100 тонна сиғимли музлатгич омборхона барпо этилди.
– Тўрт блокдан иборат омборхона қарийб 142 минг евро миқдоридаги хорижий ускуналар билан жиҳозланди, – дейди “Инновацион агросервис” картошкачилик кооперативи директори Муроджон Комилов. – Бу ерда истеъмол учун ҳамда уруғликка мўлжалланган картошкани алоҳида-алоҳида, яъни талаб этиладиган меъёр асосида сақлаш имконияти яратилди.
Тадбир доирасида Германиядан келтирилган картошка кавлаш ускунаси тақдимоти ҳамда янги картошка навлари дегустацияси ўтказилди. Мутахассислар мазкур ускуна имкониятлари, картошка навлари ҳақида батафсил маълумот берди.
10.JPG
– Икки йилдирки, андижонлик деҳқонлар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз, – дейди франциялик эксперт Мишель Малет. – Тўғри, вилоятда картошкачилик бўйича муайян тажриба мавжуд. Лекин агротехник тадбирларни ташкил этиш, айниқса, суғориш ва турли зараркунандаларга қарши кураш соҳасида етарли тажриба ва инфратузилма шаклланмагани юқори натижаларга эришишда тўсиқ бўлмоқда. Биз маҳаллий фермерларга айнан шу ишларни ривожлантиришда ёрдам берамиз.
Мазкур лойиҳа вилоятда картошка етиштириш, айниқса, серҳосил, сифатли янги навлар яратиш, уруғчиликни ривожлантириш, мазкур йўналишдаги илғор тажриба ва технологияларни амалиётга татбиқ этиш ишларини юксалтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА