Пойтахтимизда шахмат бўйича Ғарбий Осиё чемпионати ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз шахмат федерацияси томонидан ўтказилаётган чемпионатда вакилларимиздан ташқари БАА, Ҳиндистон, Бангладеш, Қозоғистон, Эрон, Туркманистон, Тожикистон, Шри-Ланка, Афғонистон ва Қирғизистондан келган 6-20 ёшгача бўлган ўсмирлар ўзаро рақобатлашмоқда.
Шахматчилар мусобақанинг илк кунида рапид йўналишида ўз омадларини синаб кўрдилар.
Ушбу баҳсларда шахматчилар 48 та медаллар жамғармаси учун ўзаро куч синашди. Унда вакилларимиздан Шаҳзод Исломов, Шамсиддин Воҳидов, Ҳумоюн Бекмуродов, Акобирхон Сайдалиев, Нодирбек Ёқуббоев, Зайнура Абророва, Шаҳзода Ҳасанова, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова ҳамда Ситора Сапарова ўз ёш тоифаларида олтин медални қўлга киритди.
Шунингдек, ушбу йўналишда шахматчиларимиз 7 та кумуш, 10 та бронза медалига сазовор бўлди.
Энди мусобақа иштирокчилари стандарт шахмат бўйича 9 тур давомида баҳс олиб борадилар. Мазкур йўналишда ғолиблар аниқлангач, 22 ноябрь куни блиц йўналишида ҳам 9 турда ўз омадларини синаб кўрадилар.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА