Қозоғистон-Ўзбекистон: ҳамкорлик форуми истиқболли муносабатлар асоси

Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида Қозоғистон – Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, йирик компаниялар, республика ва ҳудудий ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида “Чегарадош ҳудудлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликларининг истиқболлари” мавзуида ишбилармонлар йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, шуъба йиғилишлари ўтказилди. Унда “Марказий Осиёда Буюк ипак йўлининг йўлаклари. Туризм ривожининг замонавий босқичлари”, “Янги имкониятлар сари якдилликда”, “Саноат, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари”, “Агросаноат мажмуаси соҳаси ва сувдан фойдаланишнинг муқобил усулларини амалиётга татбиқ этишда ҳамкорликнинг истиқболлари” мавзусида фикр алмашилди.
3.JPG
2 (1).JPG
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат. Тадбир икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, ишбилармон доиралари вакилларини бир мақсад йўлида жамлади. Ҳудудларимизнинг экспорт салоҳияти, Ўзбекистондаги янги иқтисодий зоналар истиқболлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили таҳлилига бағишланган сессияда туризмга инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Унда таъкидланганидек, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда.
Қозоғистондан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сони жорий йилнинг ўн ойи давомида салкам 2 миллионга етиб, ўтган йилга нисбатан 500 мингга ортгани ижобий ўзгаришлардан дарак беради.
Тадбир доирасида Қозоғистон – Ўзбекистон бизнес-форуми ишбилармонлар кенгашининг II мажлисида ун ва дон маҳсулотлари етказиб бериш, автомобилсозлик йўналишларида ҳам меморандум имзоланди.
Айни шу йўналишда Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳам меморандум имзоланди.
16.JPG
8.JPG
4.JPG
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашнинг замонавий усуллари, халқаро меъёрлар бўйича якдил тизимни ташкил қилиш истиқболлари, экспорт бўйича янги транзит йўналишларни очиш, қадоқлаш ва сертификатлаштириш амалиёти масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон заминида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига дунё бозорида талаб юқори. Ушбу соҳани жадал тараққий эттириш бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу каби маҳсулотлар экспортини янада оширишга мустаҳкам замин яратмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин иштирок этди.
Кўргазмада икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари намойиш этилди. Таъкидланганидек, ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, товар айирбошлаш ҳажмини мавжуд талаблар асосида янада ошириш тадбиркорлар учун бирдек манфаатлидир.
Қозоғистон – Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форумида ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида шартномалар, меморандумлар имзоланди, истиқболли келишувларга эришилди.
Ғайрат Ширинов, Темур Мамадаминов (сурат),  

ЎзА 
Тошкент – Чимкент – Тошкент.