Ўзбекистон – Хитой: тарихий-маданий, илмий ва иқтисодий алоқалар ривожи

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро иқтисодий-ижтимоий, маданий алоқалар илдизлари қадим ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда ҳам икки мамлакат ўртасида юксак ишонч ва мустаҳкам дўстлик муносабатлари асосида ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама, шунингдек, ШҲТ, “Бир макон – бир йўл” дастури доирасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда.
2018 йилнинг 17 ноябрь куни Wyndham Tashkent меҳмонхонасида Тошкент давлат шарқшунослик институти Хитойшунослик факультети ва институт қошидаги Конфуций номидаги Ўзбек-Хитой институти ҳамкорлигида “Ўзбекистон – Хитой: тарихий-маданий, илмий ва иқтисодий алоқалар ривожи” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Хитойшуносликнинг долзарб масалаларига бағишлаб анъанавий тарзда 15-маротаба ташкил этилаётган мазкур конференцияда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Чжан Венчуань, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Б.Исмоилов, Россия Федерациясининг Қозон федерал университети вакиллари, халқаро ташкилотлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, Конфуций номидаги Ўзбек-Хитой институти ходимлари,ТДШИ раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда тадқиқотчилар, ёш хитойшунос талабалар иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари, мамлакатимизда хитойшунослик илмининг ривожи, хитой тилини ўргатиш ва ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар, ТДШИ Хитойшунослик факультети фаолияти ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Хитойнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари долзарблиги таъкидланди.
Анжуманда, шунингдек бугунги кунда хитой тилини ўрганиш ёшлар орасида оммалашаётгани таъкидланиб, мамлакатимиздаги 7 та олий таълим муассасасида хитой тили хорижий тил сифатида ўқитилаётгани ҳақида маълумотлар берилди.
Халқаро конференцияда хитойшуносликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, иштирокчилар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-гуманитар, маданий алоқаларнинг бугунги ҳолати, тарихи ва истиқболларини муҳокама қилишди ва ҳамкорликнинг янги, истиқболли йўналишлари юзасидан ўзаро фикр алмашинилди.
Конференция якунига кўра, Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда хитойшунослик илмини ривожлантириш ва бу йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига оид амалий таклиф ва хулосалар ишлаб чиқилди.​​

 

ЎзА