ИИВ академияси ходимлари Меҳрибонлик уйида

Пойтахтимиздаги 23-Меҳрибонлик уйида Ички ишлар академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчи-курсантлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлодни интеллектуал салоҳиятли, мард ва жасур қилиб тайёрлаш, уларнинг ғоя ва ютуқларини қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар қилинаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси фаолияти ва курсант-тингловчиларнинг ҳаёти тўғрисидаги тақдимот намойиш этилди.
Тадбир доирасида академия ўқитувчилари ва тингловчилари томонидан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан интерактив савол-жавоблар, касб танлашга оид психологик тренинглар ўтказилди. Тарбияланувчилар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Академиянинг жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, халқаро тоифадаги ҳакам, икки карра жаҳон чемпиони, профессор Фахриддин Пўлатов раҳбарлигида “Спорт ёшларни ҳаётда тоблантирувчи ва салбий иллатлардан ҳимоя қилувчи асосий восита” мавзусида маърузаси тингланди. Тарбияланувчиларга китоблар совға қилинди.
Тадбир давомида академия бадиий-ҳаваскорлик тўгараги аъзолари иштирокидаги чиқишлар ҳам намойиш этилиб, таълим муассасаси раҳбариятининг таклифига асосан таълим-тарбия соҳасида муаммоси бўлган тарбияланувчилар билан суҳбат ўтказилди ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатилди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА