Президентимиз Қорақалпоғистон иқтисодиётини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди

Давлатимиз раҳбари Қанликўл туманига ташриф буюриб, янгидан барпо этилган «Kanteks invest» тўқимачилик корхонаси ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишди.

Президентимизнинг 2017 йил январь ва декабрь ойларида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари чоғида Қанликўл туманида 10 миллион евро инвестиция маблағлари ҳисобига йирик тўқимачилик корхонасини ташкил этиш ва унда енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилган эди. Ўтган вақт мобайнида корхона учун 10 гектар ер ажратилиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Корхонани барпо этиш енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда тажрибали бўлган «Kanteks invest» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Лойиҳага 23 миллион евро инвестиция киритилиб, яйдоқ ерда замонавий тўқимачилик фабрикаси қад ростлади.

c01845b5-e3cd-ef11-defd-2f73df844bca.jpg

Айни пайтда корхонага Германия, Швейцария, Туркия ва Ҳиндистондан сўнгги русумдаги тўқимачилик дастгоҳлари келтирилган бўлиб, уларни ўрнатиш ва монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа қиймати 38,7 миллион АҚШ доллари бўлган корхонани келаси йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш мўлжалланган. Бу ерда дастлабки босқичда йилига 11 минг тонна жаҳон талабларига мос сифатли ип-калава ишлаб чиқарилади. 2020 йилда рўёбга чиқариладиган навбатдаги босқичда тўқимачилик матоси тайёрлаш, 2021 йилда амалга ошириладиган сўнгги босқичда бўяш ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, йилига 25 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги маҳсулотни экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш биноси, тўқимачилик дастгоҳларини кўздан кечирди, таъсисчилар билан суҳбатлашди.

650 га яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланадиган фабрика учун бугунги кунда ишчилар танлаб олиниб, шу ернинг ўзида ташкил қилинган ўқув марказида ўқитилмоқда, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги корхоналарда билим ва малакаси оширилмоқда.

Президентимиз бундай замонавий корхоналар чекка туман аҳолиси бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шу ерда Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган иқтисодий лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди. Шавкат Мирзиёев пахта-тўқимачилик, қизилмия экстрактидан дори воситалари ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, узумчиликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, хорижий давлатлардан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни кўпайтириш эвазига истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, республиканинг экспорт салоҳиятини юксалтириш юзасидан мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.

71173a74-c175-3805-7f1b-8a5846191946.jpg
b3b379d9-bccd-c563-c9ce-e439758254a9.jpg
659cec1b-287a-043e-d1a8-97d2bad0271c.jpg
7d6c20e6-f92a-68c8-f853-016770dcb0bf.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА