2017/18 йилги мавсумда ПСЖ билан Франция чемпионлигини қўлга киритган, Бразилия билан эса Россиядаги жаҳон чемпионатида чорак финалдан қайтган “selecao” сардори Неймар Goal нашри томонидан 11-бор топширилаётган “Йилнинг энг яхши 50 футболчиси” рўйхатида 20 таликка ҳам киритилмади.
Неймар ПСЖ таркибида ўтган мавсумда 30 бор майдонга тушиб 28 та голга муаллифлик қилган. Голларнинг 6 таси Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида киритилган.
Футболчи февраль ойида Лига 1 доирасида “Марсель”га қарши кечган баҳсда тўпиғидан жароҳат олиб, мавсум якунигача майдонга тушмаган эди. Шундан сўнг, Неймар Бразилияга қайтиб, тикланиб олгач тўғри Россияга учган эди. Жаҳон кубогида унинг хурмача қилиқлари мухлислар ва интернет кузатувчилари томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, Неймар 8 йилдан буён доимий равишда Goal 50 рўйхатидан жой олиб келмоқда.
ЎзА