Давлатимиз раҳбари фарзандларимиз тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини – мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга доимий эътибор қаратиб келади.
Президентимизнинг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.
Қарорда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожлантирувчи замонавий таълим дастурлари ва технологияларни таълим-тарбия жараёнига жорий этиш, фарзандларимизнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан бугун Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қўнғирот тумани «Қўнғирот» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Wunderkinds in Kungirad» давлат хусусий-шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасига 90 дан зиёд бола қамраб олинган.
Давлатимиз раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.
Фарзандларимизни болалигидан соғлом, ақлли қилиб тарбияласак, эртага мактабга билимли ёшлар келади. Мактабни ўқувчилар ҳар томонлама билимли бўлиб битирса, институтларимизга илм-маърифатли, маънавиятли ёшлар боради, мамлакатимиз учун яхши кадрлар етишиб чиқади. Шунинг учун мактабгача таълим доим диққатимиз марказида бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда Қўнғирот туманида 41 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 5715 бола таълим-тарбия олмоқда. Бошқача айтганда, туманда 52,8 фоиз бола боғчага қамраб олинган.