Тиббиётга «Блокчейн» технологиялари жорий этилмоқда

«Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси Давлат маркази» ДУКнинг автоматлаштирилган реестрлар тизимига «Блокчейн» технологияси жорий этилди. 
Мазкур технологиянинг ишлаш принципи реестрлар тизимини унда сақланадиган маълумотларнинг ҳар қандай манипуляциясидан ҳимоя қилади ҳамда унинг барқарорлиги ва ишончлилигини оширади.
Даставвал «Блокчейн» термини «Биткойн» тўлов тизимида фойдаланилган тўлиқ репликация қилинган маълумотлар базасини ифодалаш учун қўлланилган. Шунинг учун ҳам кўпинча блокчейн турли хил криптовалюталардаги транзакцияларга тенглаштирилади. Бироқ, блоклар занжирлари технологияси туфайли «Блокчейн»ни ҳар қандай ўзаро боғланган ахборот блокларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Ўзбекистонда «Блокчейн» технологиясини ривожлантириш мақсадида 2018 йил 5 октябрда «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Россиянинг «Blockchain Industrial Alliance» компанияси ўртасида меморандум имзоланди.
– Биз «Блокчейн»ни дори воситаларининг маълумотлар базасига жорий этдик, – дейди «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг технологиялар бўйича инвестицион директори Б.Оқилхонов. – Янги технология ушбу базадаги барча амалларнинг шаффофлигини таъминлаб, фармацевтика маҳсулоти сифатининг давлат назорати тизимига ишонч даражасини оширади. Биз келгусида товарнинг тўлиқ ҳаётийлик даврини «Блокчейн» платформасида қайд этиб боришни мақсад қилганмиз.
Технологиянинг асосий ўзига хос хусусиятлардан бири унинг ишончлилигидадир. Унда дори воситаларининг электрон сертификатидан фойдаланилиб истеъмолчини қалбаки дори-дармонларни сотиб олишдан ҳимоя қилади. Барча келиб тушаётган маълумотлар йиғилиб, мунтазам равишда янгиланиб борадиган маълумотлар базаси шаклланади. Ушбу базадан бирор маълумотни ўчириш ёки блокни алмаштиришнинг имкони йўқ.
– «Блокчейн» тиббиётда янги имкониятларни очиб беради, – дейди «Blockchain Industrial Alliance» компанияси бош директори А.Доронин. – Биринчи навбатда, бу ўта муҳим маълумотларнинг ягона ишончли сақланадиган жойда бирлашишидир. Энди дори воситалари тўғрисидаги барча зарур маълумотлардан барча муассасалар, шифокорлар, таъминотчи ва беморлар фойдаланиши мумкин бўлади. Бу эса, ўз навбатида жамият ва давлат назорати, аудит шаффофлигини таъминлайди.

 

Роман Бондарчук, ЎзА