Мудофаа масалалари бўйича икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказилди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон—АҚШ мудофаа идоралари вакиллари иштирокида навбатдаги икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ва АҚШ мудофаа вазирининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Колин Жексон раислигида бўлиб ўтди.
Унда АҚШ ҳарбий делегацияси ҳамда Ўзбекистон Мудофаа, Ташқи ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Мудофаа саноати давлат қўмитаси вакиллари иштирок этди.
VF5A4781.JPG
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув давомида томонлар Ўзбекистон—АҚШ тегишли идоралари ўртасида имзоланган келишувларнинг амалга оширилиши юзасидан фикр алмашиб, келгуси режаларни белгилаб олди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг профессионал билим ва кўникмаларини ошириш йўлида мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маслаҳатлашув жараёнида Афғонистондаги вазият, унда тинчликни ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, минтақада барқарорликни сақлаб қолиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
VF5A4722.JPG
Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов АҚШ ҳарбий делегациясини қабул қилиб, улар билан ҳарбий ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган эди.

 

ЎзА