Юксак билим ва тажрибага эга кадрларга барча замонларда ва ҳар ерда талаб катта

Ўтган давр мобайнида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг республикадаги меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида мамлакатдан чиқиш ва унга киришни ташкил этиш тизими ва механизмларини тартибга солиш, шунингдек, меҳнат органларининг фаолиятини ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Шундай бўлса-да, соҳада ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар йўқ эмас. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун имзоланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу вазифаларни ижро этиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Маълумки, АҚШнинг бугунгидек ҳар жиҳатдан илғор ривожланган мамлакат бўлишида турли йилларда бу давлатга таклиф қилинган илм кишилари ва етук мутахассисларнинг ўрни катта бўлган. Эътиборли томони, улар бу юртга келиб унинг равнақига ҳисса қўшиш билан бирга, ўзлари учун ҳам муносиб турмуш шароитларини яратиш имконига эга бўлганлар. Ўша омил бугун ҳам ўз қиймати ва долзарблигини йўқотгани йўқ. Юксак билим ва тажрибага эга кадрларга барча замонларда ва ҳар ерда талаб катта. Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги қарори билан ана шундай юқори малакали мутахассисларнинг меҳнат фаолияти учун юртимизда ҳам кенг имконият ва шароитлар яратиладиган бўлди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқда-ки, малакали хорижий менежерларни жалб қилишдаги тўсиқларни олиб ташлаш, чет эл инвестицияларни жалб қилишга қараганда, ялпи ички маҳсулотни кўпроқ ошириш имкониятини ҳам бераркан. Демак, бизда ҳам бундай салмоқли натижага эришиш истиқболлари яралмоқда. Фақат бунинг учун ҳозирда мавжуд бўлган айрим тўсиқларни бартараф этишимиз талаб этилади холос. Масалан, шу чоққача чет эллик кадрлар учун уларнинг малака тоифалари бўйича ҳуқуқий чегаралаш мавжуд бўлиши баробарида, хорижлик хизматчини рағбатлантириш механизми умуман бўлмаган. Устига-устак Ўзбекистонга ташқаридан ишлаш учун келадиган кадрларга рухсат олиш жараёнида ҳам турли бюрократик талаб амалиётда қўллаб келинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юртимизга чет эллик мутахассисларини жалб қилиш тартиби тубдан ўзгартирилди.
Демак, юртимизда юқори малакали мутахассислар деб, халқаро рейтингда биринчи 1000 таликка кирадиган олий таълим муассасаларини битирган;
мутахассислиги бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлган чет эл фуқаролари тан олинади.
Уларга Ўзбекистон Республикасида йилига 60 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи белгиланади.
Малакали мутахассислар деганда эса олий маълумотга эга бўлган, мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш тажрибаси бор чет эл фуқаролари тушунилади.
Уларнинг йиллик ойлик маоши миқдори камида 30 минг АҚШ доллари миқдорини ташкил этиши мумкин.
Агар буларни Ўзбекистоннинг хорижлик мутахассисларга талаби деб қабул қиладиган бўлсак, табиийки иш бажарувчининг ҳам ўзига яраша шартлари бўлишини ёддан чиқармаслик лозим.
Янги тартибга кўра, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни олиш бўйича ягона тартиб сақлаб қолингани ҳолда, чет эллик мутахассисларга нисбатан хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатнома олиш мажбурияти бекор қилинади.
Тасдиқномаларни расмийлаштириш, бериш ва узайтириш учун белгиланган тўловлар ҳам сезиларли камайтирилмоқда. Агар бунгача ушбу маблағ ЭКИҲнинг 10 бараварига тенг бўлган бўлса, энди бор йўғи 1 баравар, малакали мутахассислардан эса 2 баравар миқдорда тўлов ундириладиган бўлди.
Юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга бериладиган тасдиқномаларнинг амал қилиш муддатларига ҳам ўзгартишлар киритилди. Янги тартибга кўра, ариза берувчининг истагига кўра, улар берилган кундан бошлаб чексиз миқдорда, бироқ ҳар сафар 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатгача узайтириш имконияти билан 3 йилгача бўлган муддатни ташкил қилади. Авваллари эса чет эллик кадрлар ҳар йили ана шундай расмиятчиликка тўла жараёндан ўтишга мажбур эдилар.
2019 йил 1 январдан бошлаб юқори малакали мутахассислардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган ставканинг ярми, яъни 6 фоиз миқдорида ундирилади.
Энг кам ойлик иш ҳақининг 8500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда Ўзбекистонга инвестиция киритган чет эл фуқаролари ҳеч қандай рухсатномасиз мазкур ташкилотнинг исталган лавозимида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
Халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1000 ўринни эгаллаган
олий таълим муассасалари битирувчиларининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини нострификациялаш махсус синовларсиз амалга оширилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон меҳнат бозори, ундаги мавжуд иш ўринлари ва ўрнатилган тартиб ҳамда имтиёзлар ҳақидаги махсус ахборот портали ҳам ишга туширилиши режалаштирилган. Ушбу ахборот ресурси эса чет эллик мутахассисларнинг юртимиздаги шароитлар ҳақида батафсил маълумот олишида қўл келади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ҳам бир қатор вазифалар топширилган бўлиб, агентлик тегишли идора ва вазирликлар билан биргаликда малакали чет эллик мутахассисларни жалб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил қилиш билан шуғулланади.
Тарих манбаларидан маълумки, соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқанд ва бошқа тарихий шаҳарлардаги биноларни қуриш ишларига узоқ ўлкалардан маҳоратли қурувчи ва усталар ҳам жалб қилинган. Бунинг натижасида заминимизда бетакрор архитектура намуналари, жаҳонга машҳур Регистон ансамбли каби забардаст иншоотлар қад ростлаган. Маҳаллий қурувчиларда эса хорижликлардан соҳанинг сир-асрорларини ўрганиш имконияти бўлган.
Дунёни заковат маҳсули бошқарар экан, илм аҳлини қадрлаган ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун шароит берган жамиятда ривожланиш, юксалиш бўлиши аниқ. Шундан келиб чиқиб, қабул қилинган янги қарор Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини оширишга, турли соҳаларни янада ривожлантиришга ҳуқуқий замин яратади десак, хато қилмаган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 
ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа 
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

 

ЎзА