Сайёҳлар учун маълумот марказлари сони ошмоқда

Сайёҳларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш ва хизматлар сифатини янада яхшилаш мақсадида Хоразм вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан тизимли ишлар давом эттирилмоқда, дея хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати. Янгидан қуриб фойдаланишга топширилаётган Хива вокзалида ҳам меҳмонлар учун маълумотлар маркази ташкил қилинди.
Эндиликда воҳага ташриф буюрувчи сайёҳлар вокзал ҳудудида туриб ўзлари учун зарур бўлган авиачипталар, темир йўл билетлари нархлари ва уларга буюртма қилиш, меҳмонхоналар ҳақида тўлиқ маълумот олиш ва банд қилиш, ресторан, кафе, барлар ва уларда ташкиллаштирилган хизмат турлари, Хива ва Урганч шаҳарларининг туристик хариталари, такси чақириш хизматлари, мототранспорт воситаларини ижарага олиш, гид экскурсовод хизматларидан фойдаланиш ва вилоятда ўтказиладиган маданий кўнгилочар тадбирлар ҳақидаги маълумотларни ўзбек, инглиз ва рус тилларида малакали мутахассислардан олишлари мумкин.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА​​