Бахшиси бор элнинг байрамлари боқий бўлади

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бахшичилик ва достончилик санъатини янги босқичда ривожлантириб, дунёга кенг тараннум қилиш, жаҳон миқёсида бахши-шоирлар нуфузини янада ошириш йўлида беқиёс имконият, қулай муҳит яратади.
Халқаро фестивалнинг минг йиллар давомида эл суйган бахши-шоирларга бешик бўлиб келаётган Сурхондарё вилояти маркази – Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгилангани мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, сермаҳсул ижод қилаётган, изланаётган бахши-шоирларнинг фахр-ифтихор туйғусини янада юксалтирди. Бизгача яшаб, эл дарди ва қувончини, мардлик, жасорат, олижаноблик, вафо каби юксак инсоний фазилатларни юракдан куйлаб ўтган устоз бахши-шоирларимизнинг руҳини шод этди.
Давлатимиз раҳбари бахшичилик, достончилик санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганида чуқур маъно бор. Зеро, ўтмишда аждодларимиз яратган нафис достон, терма, матал, лапар ва бошқа халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари кўп миллатли халқимизнинг умуммиллий бойлигига айланган. Юртимизда ўтказилаётган турли байрам тадбирларида, тўй-томошаларда “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон” каби достонлар ва термаларни бошқа миллат, элат вакиллари севиб тинглаётгани, бахши-шоирларимизнинг гоҳ маъюс, гоҳ шўх-шодон хатти-ҳаракатлари уларда катта қизиқиш уйғотаётгани бунга яққол мисолдир.
Президентимиз 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрида янгидан барпо этилган бахшилар мактабида яратилган шароитлар билан танишиб, бир гуруҳ бахши-шоирлар билан учрашган, бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, соҳага оид илмий анжуманлар, анъанавий бахшичилик фестивалларини ўтказиш юзасидан тегишли вазифалар берган эди. Шунга мувофиқ, 2018 йил баҳорида Термиз шаҳридаги замонавий 22-болалар мусиқа, санъат ва бахшилар мактабида “Маънавий-маданий тараққиётга инновацион ёндашувлар ва бахшичилик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида илк республика семинари ўтказилди. “Бойсун баҳори” фольклор фестивалида бахши-шоир, оқин ва жировлар кўрик-танлови ташкил этилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мамлакатимизда бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ёз фаслида Олтинсой туманидаги сўлим Катта Вахшивор қишлоғида бахши-шоир, оқин ва жировларнинг биринчи республика фестивали юқори савияда ўтказилгани ҳам барчага бир олам қувонч улашди.
Мавриди келганда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, бундан ўттиз йиллар илгари биз, бахшиларнинг аждодлардан мерос қолган достон ва термаларни эл орасида ҳозиргидек завқу шавқ билан айтишимиз, баралла куйлашимиз учун етарли имконият йўқ эди. Эндиликда юксак бадиий ижод асосида яратилган номоддий мерос дурдоналаримизнинг қадимий анъаналарини ривожлантириб, асраб-авайлаш давлат даражасидаги масалага айланди. Алпомишлар юрти – Сурхондарёда “Алпомиш” достони яратилганининг минг йиллиги кенг нишонланди. “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилди, халқимиз суйган достонларни нашр этиш сифат жиҳатдан яхшиланди.
Ёшликдан бахшичилик санъатига меҳр қўйиб, қашқадарёлик машҳур бахши Қодир Раҳимовга шогирд тушганман. Устозим 40 достонни билгувчи эди. Яна Гўрўғли Султоннинг 40 йигитини 40 шаҳардан олиб келиб, куйлар эди. Шунда ёд биладиган достонлари сони 80 та бўлғувчи эди. Ўзи ҳам 5 достон ёзган эди. Мен у кишининг “Алпомиш”, “Авазхоннинг ота юртига бориб келиши”, “Малла савдогар”, “Кунтуғмуш”, “Сулувхон” сингари 20 га яқин достонини ёд олганман. Ўзим “Хондалли” деган достон ёзиб, чоп эттирдим. Ўтган йилларда сурхондарёлик Чори бахши Умиров, Хўшбоқ бахши Мардонақулов ҳам устоз сифатида менга соҳанинг кўп сиру синоатини ўргатди.
Устозларимизнинг айтишича, қадимдан ўлмас маданий мерос сифатида эъзоз топиб келаётган бахшичилик санъати ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва ноёб қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб, уларни ёшликдан ўзлигини англашга ўргатган. Бахши-шоир, оқин ва жировлар одамлар орасида эзгулик, маърифат шуъласини тарқатувчи, уларни мардлик, ҳалоллик, миллий ва умуминсоний қадриятларни улуғлашга етакловчи инсонлар сифатида алоҳида иззат-ҳурматга сазовор бўлган.
Бой маданий меросга эга вилоятимизда келгуси йилдан бошлаб Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш йўлга қўйилаётгани бизни кўпроқ изланиб, халқ оғзаки ижодининг қадимий анъаналарини янада кенгроқ тиклашга, ўқиб-ўрганишга даъват этиши билан ҳам аҳамиятлидир. Мазкур фестивалнинг ташкил этилгани соҳага қизиқиш билдираётган ёш авлод учун замонавий ўқув қўлланмалар яратиш, нодир халқ достонлари ва термаларини нафақат мамлакатимиз илмий ходимлари, балки хорижликлар ҳам аудио, видео ҳамда матнда ёзиб олиши, чоп этиши, илмий-тадқиқот ишларини олиб боришида муҳим аҳамият касб этади. Юртимиз довруғи янада ошади.
Бир пайтлар ушалмас орзудек туюлган бундай йирик тадбирга асос солинганидан руҳланиб, Термиз шаҳрида келгуси йилнинг 5-10 апрель кунлари ўтказиладиган халқаро бахшичилик санъати фестивалига вилоятда ҳозирдан тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Бу ишларни мувофиқлаштирадиган штаб ташкил этилгани ҳам айни муддао бўлди. Фестиваль доирасида Термиз шаҳридаги “Сурхондарё санъат саройи” давлат муассасаси майдони ҳудудида бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий, амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио-видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва сотуви ташкил этилади. Энг нафис, энг гўзал достонлар, термалар куйланиб, ғолиблар аниқланади. Бу каби улуғвор ишлар Ватанга муносиб, аждодлар анъанасига содиқ шогирдлар тайёрлашда, юксак маънавиятли ёш авлодни тарбиялашда бизга янги куч, илҳом бағишламоқда. Буларнинг барчаси асрлар давомида аждодларимиз асраб-авайлаб, ривожлантириб келган бахшичилик ва достончилик санъатига давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Шодмон Хўжамбердиев,
Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси

 

ЎзА