Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Навбатдаги видеошарҳимиз ушбу қарорнинг мазмун ва моҳияти ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар хусусида.
Бирор бир мамлакат иқтисодига инвестиция олиб киришни режа қилган хорижий инвестор учун шу давлатдаги иқтисодий-сиёсий, ҳуқуқий-ижтимоий муҳит ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Чунки у биринчи галда ўз бизнесининг қонун билан мустаҳкам ҳимояланишига ишонч ҳосил қилиши керак. Лекин “ҳолва деган билан оғиз чучимас”, деганларидек, агар кафолат дегани қонун билан мустахкамлаб қўйилмаса, ҳавоий гаплар билан кимнидир ишонтириш мумкин эмас. Қолаверса, хорижий сармоядор ёки маҳаллий тадбиркорга низо чиққудек бўлса, ўз манфаатларини муносиб ҳимоя қила оладиган ишончли хуқуқий кўланка ва қонуний устқурма даркор. Халқаро майдонда бу вазифани арбитражлар бажаради. Юртимизда мавжуд ҳакамлик судлари эса табиийки бундай кенг ваколатларга эга эмас. Бу эса кейинги йилларда халқаро интеграциялашув жаранларида тобора дадил қадам ташлаётган миллий иқтисодиётимиз учун айрим номақбул вазиятларни юзага келтирмоқда.
Миллий қонунчилигимизда ҳанузгача халқаро арбитражлар фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий база ишлаб чиқилмагани боис, юртимиздаги хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари низоларни ҳал этиш учун хориждаги, масалан, Лондон, Париж, Стокголм ёки Сингапур халқаро арбитражларига мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда. Хусусан, сўнгги муддат давомида хорижий инвестиция иштирокида рўйхатга олинган 6708 та корхонага доир низо ишларининг 255 таси ўзимизда, 810 таси Париждаги арбитражда, яна 200 таси Стокголмда кўриб чиқилган. Бу эса оз бўлмаган миқдордаги қўшимча харажат дегани. Чунки хориж арбитражларида кўриладиган ишларнинг, масалан, қиймати 1 млн. долларлик даво аризаси учун сарфланадиган маблағлар адвокатлик хизмати ва бошқа чиқимларини ҳисобга олганда, ўртача 40-200 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, амалдаги қонун ҳужжатлари, жумладан, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни томонларнинг инвестициялар билан боғлиқ низоларини хорижий арбитрларни жалб этган ҳамда хорижий ҳуқуқни қўллаган ҳолда кўриб чиқиш имкониятини бермайди. Масалан, Сингапур халқаро арбитраж судида хорижий арбитрлар сони маҳаллий мутахасислардан ҳатто кўпроқ эканини кўриш мумкин. Тегишли тарзда бу сон 355га – 130 нисбатига тенг.
Ўзбекистонда халқаро арбитраж қарорларини ижро этишнинг ҳам аниқ ҳуқуқий механизмлари ҳали шакллантирилмаган. Бу эса хорижлик потенциал шерикларда миллий суд-ҳуқуқ тизимимизга нисбатан ишончнинг етарли бўлмаслигига ва натижада, инвестиция оқимининг пасайишига олиб келиши мумкин. “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори ана шу ҳозиргача мавжуд мушкулотларни бартараф этиш имконини беради.
Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этилажак Тошкент халқаро арбитраж маркази нафақат хорижий инвесторлар учун, балки махаллий тадбиркорлик субъектлари учун ҳам бирдек муҳим. Чунки эндиликда улар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини халқаро арбитраж орқали, яъни бетараф ва холис томон ёрдамида ўзимизда, Ўзбекистонда ҳал этиш имкониятига эга бўладилар.
Яна бир жиҳат. Янги марказда низоларни ҳал этишда ўзаро келишувга кўра хорижий давлатнинг ҳуқуқи ҳам қўлланиши мумкин бўлади. Мисол учун, бугун Париж шаҳридаги халқаро савдо палатаси арбитраж судида кўриладиган ишларнинг 15 фоизи Англия, 10 фоизи Швейцария қонунчилиги асосида кўриб чиқилади. Бу эса хорижий давлатлардаги малакали арбитрларни марказга жалб этишда муҳим роль ўйнайди, қолаверса, қарорда улар учун бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилган.
Марказ қошида арбитраж соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислар ва жаҳоннинг эътироф этилган арбитраж марказлари арбитрларидан иборат бўлган Кузатув кенгаши ҳам ташкил этилади. Ушбу Кенгаш Марказ фаолиятига халқаро стандартларни жорий этишга кўмаклашади. Ана шундай мезонлардан бири ҳозирдан жорий этилиши белгиланган бўлиб, унга кўра низони халқаро арбитраж орқали кўриб чиқиш учун аризаларни қабул қилиш онлайн тартибда, арбитрлар ва томонларнинг ҳозирлигисиз амалга оширилади.
Савдо-саноат палатаси ҳузурида Халқаро арбитраж марказининг бўлажак фаолияти билан Ўзбекистон мазкур соҳада импортчи давлатдан чинакам экспортчига айланиши ҳам мумкин. Чунки Марказий Осиё республикаларида ҳам халқаро арбитраж хизматларига эҳтиёж катта. Уларга ҳам ўз муаммоларини узоққа бормай, қўшни мамлакатда ҳал қилиб олиш анча қулай бўлади. Лекин энг муҳим томони шундаки, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларига мос келадиган тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунни қабул қилиш ва ўзида халқаро арбитраж марказини жорий этиш билан мамлакат иқтисодиёти дунёга очиқ эканига ва унга киритиладиган инвистициялар ишончли ҳимоя қилинишига амалда кафолат беради. Бу эса хорижлик инвесторларнинг, агар ҳозирча иккиланиб тургани бўлса, комил ишонч билан ўз маблағларини бизнинг ҳисобимизга ўтказиб,шу заҳотиёқ Тошкентга чипта олишига чинакам туртки бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан
ҳамкорликда тайёрланди
ЎзА