Сурхондарёда халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик бошланди

Президентимизнинг жорий йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2019 йил 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўтказиладиган халқаро бахшичилик санъати фестивалига пухта тайёргарлик кўриш бўйича Сурхондарё вилоятида штаб ташкил этилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосарлари, мутасадди бошқармалар раҳбарлари, бахшилар, режиссёр ва сценаристлар, ёзувчи ва шоирлар, тарихчи олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизда номоддий маданий мерос дурдоналарини қайта тиклаб, ривожлантириш, ёш истеъдод соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар қадимий бахшичилик ва достончилик санъатини янги босқичда юксалтириб, жамиятда бахши-шоирлар ижодининг нуфузини янада оширишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Миллий қадриятларимизни тиклаб, юксак бадиий ижод асосида яратилган номоддий мерос дурдоналарининг қадимий анъаналарини ривожлантиришга қаратилаётган бундай эътибор асносида Сурхондарё вилоятида “Алпомиш” достони яратилганининг минг йиллиги кенг нишонланиб, Ватанимизда “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилгани ҳам бунга яққол мисолдир. Бахши ва достончилар ижодининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиб, эл суйган достонларни нашр этиш йўлга қўйилгани, Термиз шаҳрида бахшилар мактаби ташкил этилгани, жорий йилда Олтинсой туманида бахши-шоир, оқин ва жировларнинг республика фестивали ўтказилгани ҳам мазкур соҳага кўрсатилаётган эътибор намунасидир.
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган 80 га яқин бахши, оқин ва жировларнинг 8 нафари сурхондарёлик бўлиб, айни пайтда улар Ватанга муносиб шогирдлар тайёрлаш, юксак маънавиятли ёш авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Келгуси йил баҳор фаслида Алпомишлар юртида бўлиб ўтадиган халқаро бахшичилик санъати фестивали аждодлардан мерос қолган ноёб бу санъатни дунёга кенг тараннум этишда муҳим ўрин тутади. Бундай эзгу иш вилоятда мазкур тадбирга ҳозирдан қизғин тайёргарлик кўришга ундади.
Халқаро фестивални юксак савияда ўтказиш юзасидан Ўзбекистон халқ бахшилари ва олимлар, соҳа мутахассисларининг таклиф ва тавсиялари тингланди. Термиз шаҳридаги замонавий 22-болалар мусиқа, санъат ва бахшилар мактаби кутубхонасини китоб ҳамда қўлланмалар билан бойитиш, мусиқа асбоблари билан жиҳозлаш, нодир халқ достонлари ва термаларини аудио, видео ҳамда матнда ёзиб олиш, Шеробод достончилик мактаби асосчиси бўлган Шерна бахши мангу қўним топган қабристонни ободонлаштириш каби масалалар бўйича атрофлича фикр алмашилди. Тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов сўзга чиқди.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири