Сайёҳлик соҳасидаги илк халқаро форум

Жорий йилнинг 19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида илк марта туризм соҳасида биринчи халқаро инвестицион форум бўлиб ўтади.
Бугун жаҳонда сайёҳлик мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, у билан боғлиқ инфратузилмани бевосита ва тўғридан тўғри равнақ топтиришнинг муҳим омили саналмоқда. Айни пайтда сайёҳлик соҳасига транспорт, ижтимоий, хизмат кўрсатиш соҳаларини жадал тараққий эттиришнинг асоси сифатида ёндашилмоқда. Маданий, тарихий меросга, табиий ресурсларга ғоят бой бўлган Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар, салоҳиятларнинг мавжудлиги туризмни келгусида янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Туризм соҳасидаги мазкур йирик халқаро инвестицион анжуман Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар, Ташқи савдо вазирликлари, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилади.
Туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, мазкур соҳага тўғридан тўғри инвестицияларни жалб этиш, сайёҳлик йўналишида фаол сармоядорлар ва туроператорлар ўртасида юртимизнинг туризм салоҳиятини кенгроқ тарғиб этиш мазкур форумнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Форумда Осиё, Европа мамлакатлари, халқаро молия институтлари, хорижий инвесторлар, туризм бўйича халқаро ташкилотлар, етакчи компаниялар, экспертлар, мутахассисларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро тадбирда юртимизнинг соҳага оид салоҳияти, бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сайёҳлик йўналишида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга яратилган шароит ва имкониятлар хусусида атрофлича маълумотлар берилади. Шу билан бирга юртимиздаги йирик музейлар, туристик компания ва ташкилотлар, маданий-маърифий муассасалар, транспорт-логистик ташкилотлари, суғурта компаниялари ўз фаолияти ва хизматлари ҳақида иштирокчиларни атрофлича хабардор этади.
Форум доирасида қатнашчиларга туризм соҳасидаги инвестицион лойиҳалар, шунингдек, “Чорвоқ“, “Samarkand city”, “Қадимий Бухоро“ туристик ҳудудлари, Сурхондарё вилоятида кичик туристик ҳудудларга оид лойиҳалар билан танишиши учун имконият яратилади. Бевосита жойларга ташрифлар қатнашчиларнинг юртимизга оид тасаввурини тобора бойитишга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Форум доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб битим ва меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.

 

Н.Усмонова, ЎзА