​“Тошкент-Мумбай” йўналишида илк парвоз амалга оширилди

Бугун, 2018 йил 2 ноябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг самолёти Мумбай шаҳри аэропортига қўнди. Бу “Тошкент-Мумбай” йўналишидаги HY427-рейснинг илк парвозидир.
Тошкентдан борган биринчи йўловчилар Мумбайда тантанали кутиб олинди. Унда Ҳиндистон авиакомпаниясининг вакиллари, Мумбай аэропорти раҳбарлари иштирок этди.
«Мумбай-Тошкент» йўналишидаги HY428-рейсда йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш байрамона бўлди. Ҳар бир йўловчига гуллар ва ҳинд ширинликлари тақдим этилди.
Тошкент ва Мумбай шаҳарларини боғловчи тўғридан-тўғри рейс ҳафтасига уч марта: сешанба, чоршанба ва жума кунлари Airbus А320 самолётларида амалга оширилади.

 

М.Рўзибоева, ЎзА