Адлия органлари – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси

Адлия органлари фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида самарали фаолият юритиб, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланган Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низом бу борада муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани адлия бўлими томонидан ҳам ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманнинг Меҳробод маҳалласида яшовчи фуқаро П.Турсагатовнинг ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилгани ва ўз вазифасидан озод этилгани сабабли унинг фойдасига моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Жорий йил 7 август куни мазкур фуқаролик иши кўриб чиқилиб, фуқаро П.Турсагатов фойдасига 10 миллион сўм маънавий зарарни ундириш ҳақида суд қарори қабул қилинди.
Жорий йил 4 сентябр куни фуқаро С.Абдураҳмоновнинг “Ёшлар – келажагимиз“ Давлат дастури доирасида бино ва ер майдони ажратишни сўраб қилган мурожаати юзасидан фуқарога маъмурий бино ва ер майдонини доимий фойдаланиш учун бериш тўғрисида туман ҳокимининг қарори чиқарилди.
Туманнинг Пахтаобод маҳалласида яшовчи фуқаролар С.Нормўминова ва О.Кўчарованинг туғруқ таътилидан кейин 8-умумтаълим мактаби раҳбарияти уларни қайтариб ишга олмаганлиги тўғрисидаги мурожаати ҳам туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди. Жорий йил 5 сентябрда О.Кўчарова мазкур мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси лавозимига, С.Нормўминова эса жисмоний тарбия ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилиш бўйича мактаб директорининг буйруғи қабул қилинди.
2018 йил июл ойида эса Ариқошган маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Қодировнинг электр тармоқлари корхонаси томонидан ортиқча тўлов талаб қилинаётганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, мурожаат муаллифининг электр энергиясидан қарздорлиги йўқлиги, аксинча корхона ҳисобида 271 минг сўмдан зиёд ортиқча тўлови борлиги аниқланди.
Шунингдек, Янги шаҳар маҳалласида яшовчи фуқаролар Ҳ.Саидова ва А.Халилованинг хонадонига суюлтирилган газ етказиб берилмаётганлиги ҳақидаги мурожаати назоратга олиниб, қисқа муддатда суюлтирилган газ билан таъминланди.
Бундан ташқари, Х.Аллабердиева ва Ҳ.Жўраеваларнинг пенсияга чиқиш даврида иш стажлари қўшилмаганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, ушбу ҳолат юзасидан туман пенсия жамғармасига нисбатан туман Маъмурий судига ариза киритилди. Суднинг қарори билан туман пенсия жамғармасига мазкур фуқароларнинг иш стажларини қўшиш мажбурияти юклатилди.
Буларнинг барчаси Президентимиз томонидан халқимизни рози қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг амалдаги самарасидир.
Рустам Хуррамов,
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани
адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси​​

 

ЎзА