Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилоятида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар ўтказилмоқда.
Чингиз Айтматов асарларини мутолаа қилган ўқувчи ҳаёт, инсон, олам, тириклик ҳақида ўзи учун кўп хулосалар олади. Адибнинг эзгулик ва гуманизм ғоялари, миллий ва умумбашарий қадриятлар улуғланган, турли миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхада нашр этилмоқда.
Буюк адибнинг ўлмас бадиий меросини тарғиб этиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ўқувчиларни бохабар қилиш борасида ҳам адабиётшунос олимлар томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор Йўлдош Солижоновнинг “Фарғона” нашриётида “Чингиз Айтматов – адолат ва ҳақиқат куйчиси” деб номланган китоби чоп этилди.
Фарғона давлат университетида мазкур китобнинг тақдимоти ўтказилди. Унга адабиётшунос олимлар, шоир-ёзувчилар, талабалар таклиф этилди.
Китобда машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёт ва ижод йўли, илк ҳикояларидан тортиб, қисса ва романларигача, улардаги қаҳрамонлар руҳияти, воқеалар талқини, шунингдек, буюк адиб ижодининг ўзбек адабиёти ривожидаги ўрни, асарларидаги бадиий таҳлил қаламга олинган.
– Чингиз Айтматов ўзбек ёзувчилари ижодига, ўзбек адабиётига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатган адиблардан биридир, – дейди Й.Солижонов. – Адиб ўзбек халқи, адабиёт ихлосмандлари учун ниҳоятда қадрли ва севимли. Унинг асарларини қайта-қайта мутолаа қилиш ҳар гал янги ва ўзига хос жиҳатларни намоён қилаверади. Мазкур китоб эса бизга адиб ҳаёти ва ижоди, адабиётга қўшган ҳиссаси, бой маданий мероси хусусида ҳикоя қилувчи муҳим манба бўлиб қолади.
М.Сулаймонов, ЎзА