​Қўқонда нуфузли олий ўқув юртининг филиали иш бошлади

Яқинда иш бошлаган Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиалига 125 нафар ёшлар талабаликка қабул қилинди.
Республикамиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бугунги кунда муҳим вазифалардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 сентябрдаги “Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университетининг Қўқон филиалини ташкил этиш тўғрисида” қарори асосида Қўқон шаҳрида ташкил этилган мазкур филиал ҳам ана шу ишларнинг амалий самарасидир. Филиал ҳудудларда ҳам саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш ва сифатини яхшилаш мақсадига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
– Филиалимизда 2018/2019 ўқув йили учун талабалар контингенти Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида доимий яшаётган, республика олий таълим муассасаларига белгиланган таълим йўналишларининг мос ва турдош таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва тест синовлари натижаларига кўра ўқишга кира олмаган, бироқ тўплаган баллари энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган абитуриентлар ҳисобидан тўлов-контракт асосида шакллантирилди, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университетининг Қўқон филиали директори Туробжон Садриддинов. – Айни кунларда талабаларни ўз мутахассисликлари бўйича етарли билим олишлари учун барча шароитлар яратилмоқда, зарур ўқув адабиётлар, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўқув масканида талабалар электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари, электроника ва асбобсозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси, технологик машиналар ва жиҳозлар ва электрон аппаратуралар ишлаб чиқариш технологияси каби 5 та таълим йўналишида таҳсил олмоқда.

 

М.Сулаймонов, ЎзА