“Москва – Бухоро” йўналишида илк парвоз

“Шереметово” ҳаво бандаргоҳидан кўтарилган Россия Федерациясининг “Аэрофлот” миллий авиакомпанияга қарашли “Боинг-737” самолёти 4 соат 5 дақиқадан сўнг 1 ноябрь, тонгга яқин илк бор “Бухоро” халқаро аэропортига келиб қўнди. Ўз ичига 155 йўловчини олган ҳаво лайнери тантанали кутиб олинди.
– Самолётимиз “Бухоро” халқаро аэропортига муваффақиятли қўнди, – дейди “Боинг -737” бортпроводниги Андрей Мажоров.– Аэропортингиз экипаж аъзоларига жуда ёқди. Бу ерда барча замонавий шароитлар яратилган. “Бухоро” халқаро аэропортининг бир неча йилдан буён “Аэропорт” халқаро фуқаро ассоциацияси томонидан ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши аэропорти” танловида ўз тоифасида ғолиб чиқиб келаётгани бежиз эмас экан.
Янги авиақатновнинг йўлга қўйилиши АҚШ ва Европанинг турли шаҳарларидан Бухорога келаётган сайёҳлар сони кўпайиб бораётгани билан боғлиқ. Улар Москвадан тўғридан-тўғри қадимий шаҳарга келиш учун “Аэрофлот” имкониятидан фойдаланади. Айни пайтда Бухородан Россия пойтахтига борадиган йўловчилар, жумладан, ишбилармон доира вакиллари учун ҳам мазкур авиакомпаниянинг ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари хизмат кўрсатадиган “Боинг-737” ҳаво лайнерлари қулай.
Яна бир янгилик. Бухорода “Аэрофлот” авиакомпаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси филиали ҳам очилди. Бу хизмат офиси “Бухоро” аэропортида йўловчи чипта ва юкларини у йўл оладиган Европа мамлакатлари ёки Америка Қўшма Штатлари тегишли шаҳарларигача расмийлаштирилишини таъминлайди. Шу тариқа, йўловчи Москвага боргач, чиптада кўрсатилган манзил учун ҳужжатларни қайта расмийлаштиришига ҳожат қолмайди.
6.JPG
7.JPG
8.JPG
11.JPG
12.JPG

 

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА