Атом энергетикаси мавзусини ёритиш бўйича илк семинар

Пойтахтимизнинг “Wyndham” меҳмонхонасида илк бор ўтказилган семинарда атом энергиясининг афзалликлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш масалалари бўйича сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиб, мавжуд имкониятлар асосида экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш йўлида муҳим қадам бўлди.
“Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси ўртасида имзоланган англашув меморандуми ҳам бу ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда жамоатчилик орасида атом энергетикаси бўйича батафсил маълумотлар бериш ва бу борада ижобий фикрни шакллантириш масаласига катта аҳамият қаратилган. Айниқса, бунда оммавий ахборот воситалари вакилларининг атом энергетикаси ва ядро технологиялари борасидаги тушунчаларини ошириш мақсадида улар учун семинар, ўқув курсларини уюштириш, ядро-энергетика технологиялари ва бошқа қатор соҳаларга бағишланган халқаро анжуман ва кўргазмалар ташкил этишга кенг ўрин берилади.
2.jpg
Пойтахтимизнинг “Wyndham” меҳмонхонасида илк бор ўтказилган семинар ҳам шу ҳужжат ижроси доирасида бўлиб, унда атом энергиясининг афзалликлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш масалалари бўйича сўз юритилди.
“Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Россия атом жамиятининг таълим бўйича маслаҳатчиси, “Илм қуввати” атом энергияси ахборот маркази тармоғининг маърифат бўйича лойиҳа мутахассиси Андрей Акатов, “Страна Росатом” газетаси бош муҳаррири Юлия Гилева ва бошқалар атом энергетикасининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни, унинг афзалликлари ҳамда бу борада оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни ва уларнинг мавзуга қандай ёндашиш кераклиги ҳақида атрофлича маълумот берди.
photo5391264501988436613.jpg
– Бугунги мавзу бевосита атом энергетикасининг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида бўлиб, унда юртингиз журналистларини соҳа бўйича билим ва малакасини оширишга қаратилди, – деди “Русатом – Халқаро тармоқ” алоқа департаменти директори Айрат Шавалиев. – Албатта, бу семинарнинг ташкил этилиши икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир. Яқинда мамлакатингизда биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига старт берилди. Бу лойиҳа бўйича ССЭР-1200 русумдаги реакторлар билан жиҳозланган иккита электроблокнинг бунёд этилиши кўзда тутилмоқда. Бу энергоблоклар «3+»авлодига тегишли бўлиб, улар замонавий хавфсизлик талабларига тўла жавоб беради. Айни кунда бундай энергоблоклар амалиётга татбиқ этилган. Ушбу тадбирда иштирокчилар мавзу доирасида дастлабки назарий билимларни олган бўлса, кейинчалик уларнинг бу борадаги тушунчаларини бойитиш, ўқитиш ва амалиёт билан таништириш мақсадида Воронежга таклиф этиш ва у ерда ҳам ўқувлар ташкил этиш ниятимиз бор.
Семинар доирасида “Мураккаб мавзуларни оддий ва тушунарли тилда ёзиш” мавзусида маҳорат дарси ҳам ташкил этилди.
 

 

Насиба Зиёдуллаева, Асқар Ёқубов (сурат), ЎзА